Ижтимоий тармоқларда умумий ўрта таълим муассасаларида Ўқувчиларни чақирувга қадар тайёргарлик раҳбари лавозимида фаолият юритадиган бир гуруҳ ходимлар номидан Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилинган.
Мурожаатда умумий ўрта таълим муассасаларида Ўқувчиларни чақирувга қадар тайёргарлик раҳбари лавозимида фаолият юритаётган эркак ўқитувчиларининг маоши камлиги масаласи кўриб чиқилиши сўралган.
Мазкур мурожаат юзасидан Халқ таълими вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги ПФ–5712-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг мақсадли кўрсаткичлари”нинг 14-бандига кўра умумий таълим соҳасидаги ўртача ойлик иш ҳақининг бошқа соҳалардаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан улушини 2020 йилда 1,1 бараварга етказиш белгиланган, шунинг учун мактаблардаги ойликлар босқичма-босқич ошириб борилмоқда.
Халқ таълими вазирлиги мазкур лавозимда ишловчи ходимларни моддий қўллаб қувватлаш мақсадида уларнинг базавий тариф ставка миқдорини ошириш бўйича таклиф ишлаб чиққан ва тегишли вазирлик ва идораларга киритган.
Афсуски, республикамизга кириб келган коронавирус пандемияси иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатгани боис Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва иқтисодиётини барқарорлигини таъминлаш мақсадида айрим соҳаларга, жумладан, халқ таълими тизимига 2020 йилда давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳам мақбуллаштирилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, карантин даври тугаб, иқтисодиёт тармоқлари ўз ишини қайтадан бошлагандан сўнг таълим муассасаларининг ушбу лавозимда фаолият юритаётган ходимларининг иш ҳақи миқдорини ошириш масаласи тегишли вазирликлар билан қайта кўриб чиқилади деб умид қиламиз, дейилади Вазирлик муносабатида.