АсосийJamiyat

Субсидия беришда 550 дан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланди

'Субсидия беришда 550 дан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланди'ning rasmi

Хабарингиз бор, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган аҳолига беғараз ёрдам сифатида давлатимиз томонидан субсидиялар берилиши бошланган.

Ушбу ижтимоий акция фуқароларимиз томонидан ижобий қарши олинган бўлиб, жорий йилнинг 1 июль кунига қадар Давлат хизматлари марказлари ва my.gov.uz портали орқали уй-жой сотиб олишга субсидия олиш учун 17,2 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги хабар бермоқда. 

Эслатиб ўтамиз, субсидия ҳаммага берилмайди. Фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.

Шу боис, 2,2 мингдан ортиқ, яъни ариза берган 12,8 % фуқароларга субсидия ажратиш учун хабарномалар берилган, 5 мингга яқин, яъни 28,7 % фуқароларнинг аризалари рад этилган ва 1,2 мингдан ортиқ, яъни 7,4 % таси — фуқаролар томонидан бекор қилинган.

Бугунги кунда 8,7 мингдан ортиқ, яъни 50,9 % аризалар туман ва шаҳар комиссиялари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Давлат хизматлари агентлиги давлат хизматлари кўрсатишда ягона сиёсатни олиб борувчи орган ҳисоблангани боис, субсидия бериш жараёнини ҳам назорат қилади.

Мутахассисларимиз томонидан ўтказилган мониторинглар давомида 550 дан ортиқ фуқароларнинг аризалари ваколатли ташкилотлар томонидан белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаган ҳолатлари аниқланди.

Ушбу ҳолатлар бўйича ваколатли ташкилотларга 64 та тақдимнома, 400 та огоҳнома киритилди ва 43 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённомалар расмийлаштирилди.

"Ҳурматли фуқаролар! Агар аризангиз ўз вақтида кўриб чиқилмаган бўлса, my.gov.uz порталида мавжуд махсус тугма ёрдамида бизга бу ҳақида хабар беришингизни сўраймиз. Халқ билан қайта алоқа назоратнинг энг самарали усулидир" дейилади хабарда. 

    Бошқа янгиликлар