Коронавирус пандемияси бутун дунёга тарқалиб, инсонлар ҳаётига катта хавф туғдирмоқда. Айни вақтда Ўзбекистонда ушбу касаликка чалинганлар 9611 нафарни ташкил этмоқда. 6306 киши ушбу касалликни енгиб ўтган.
Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда. Ўтган муддат ичида Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 2 минг ўринга мўлжалланган янги шифохонанинг қурилиши бошланиб, унинг бир қисми битирилди. Жорий йилнинг 6 июль куни шифохонанинг 1000 ўринга мўлжалланган биринчи биноси фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган кўп тармоқли махсус шифохона 2 минг ўринга мўлжалланган. Лекин 4 минг ўрингача трансформация қилиш имконияти бор.
Шифохона лойиҳасининг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектарда 2 та комплекс қурилмоқда. Бунда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган.
Хусусан, стационар жойларнинг ҳаммаси боксланган, ҳар бир хона автоном. Биридаги ҳаво бошқасига ўтмайди. Уларга кириб-чиқиш ҳам, хизмат кўрсатиш ҳам алоҳида. Касаллар келгач, қабул бўлимидан тамбур орқали тўғридан-тўғри ўз палатасига жойлаштирилади.
Барча корпуслар, бўлинмалар тоза ва нотоза йўлаклар билан ажратилган. Тоза йўлакдан фақат тиббий персонал ўз вазифасини бажариш учун фойдаланади. Шифокорлар ҳаракатланиш чоғида санитар ўтказгичлар орқали ўтади. Бу барчанинг – ташхиси ноаниқ бўлганлар, врачлар ва бошқа хизматчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
72 ўринли реанимация бўлимида ҳар бир койка сунъий ўпка вентиляцияси ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Бу бўлимни кардиология, неврология, педиатрия каби турли йўналишлар бўйича жиҳозлаш ҳам мумкин.
Жарроҳлик залларига ҳаво тепадан берилади ва ён томонлардан сўрилади. Натижада доимий стериллик таъминланади.
Лабораторияда вирусология, биокимё ва иммунология, микробиология, паразитология бўйича энг илғор аппаратлар ўрнатилган. Масалан, амалдаги полимер занжирли реакция ускунаси 5 соатда ўртача 40 кишига ташхис қўйса, бу ердаги замонавий жиҳозлар 2 соатда 90 та намунани аниқлаш имкониятига эга. Кўрпа-тўшак ва матолар ювилиб, бошқа буюмлар буғ ёрдамида дезинфекция қилинади.
Биз бу ерда (Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси – таҳр.) муҳандислик коммуникацияси, лойиҳалаш, қурилиш материаллари, беморларга ва ходимларга қулайлик бўйича тизимли тўғри клиника нима эканини кўрамиз. Шу нуқтаи назардан эски ТошМИда янги кўп тармоқли клиникани қуряпмиз. У ерда ўша клиника ходимлари ишлайди. Қурилиш ишлари бўш ерда бошланган, аниқроғи якунланяпти.
Эски бинолар Стоматология институти, Тошкент тиббиёт академияси, аниқроғи бугунги кунда жуда ноқулай шароитда ишлаётган кафедралар учун ўқув-клиник база бўлади. Балки қайсидир маъмурий идорамиз ҳам у ерга кўчирилиши мумкин. Бу ер тиббиёт шаҳарчаси сифатида қолади”, дея аниқлик киритди Шодмонов. Видео:






