1

Бухородаги 10-умумий ўрта таълим мактабнинг ёпилиши сабаб ўқитувчилар ишсиз, ўқувчилар кўчада қолаётганлиги муаммоси ҳал этилиши ваъда қилинди

ЖАМИЯТ 06.07.2020, 08:34
Бухородаги 10-умумий ўрта таълим мактабнинг ёпилиши сабаб ўқитувчилар ишсиз, ўқувчилар кўчада қолаётганлиги муаммоси ҳал этилиши ваъда қилинди

Жорий йилнинг 3 июль куни ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги 10-умумий ўрта таълим мактабининг ёпилиши сабабли ўқитувчилар ишсиз, ўқувчилар кўчада қолаётганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Халқ таълими вазирлиги ушбу мурожаатларга муносабат билдирди. 

"Бухоро шаҳридаги 36-иврит тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби мослаштирилган ва Сан ПиН талабларига жавоб бермайдиган эски маҳалладаги 2 та ҳовлида жойлашган. Мактабнинг қуввати 250 ўринга эга бўлиб, айни пайтда 457 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактаб тўлиқ 2 сменада 1,8 коэффициентда ишлайди. Бино ХIХ асрда чўпкори усулида қурилган бўлиб, маданий мерос объекти ҳисобланади. Мактабда спорт зали, лаборатория хоналари, спорт майдончаси, ошхона, автошаҳарча, фаоллар зали, ўқитувчилар хонаси, кутубхона сингари зарурий иншоотлар мавжуд эмас.

   Ёш авлоднинг замон талаблари асосида таълим-тарбия олишларини таъминлаш, ўқувчилар саломатлигини асраш ва уларнинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етишишлари учун барча имкониятларни яратиш мақсадида ушбу мактабни унга энг яқин ҳудудда жойлашган 9-10- умумтаълим мактабларини мақбуллаштириш орқали 10- мактабнинг бўшатиладиган биносига кўчириш ҳақида 2020 йил 23 июнда Бухоро шаҳар ҳокимининг 641-сонли қарори қабул қилинди.

   Қарорда, шунингдек, 10-умумий ўрта таълим мактабини, мактабдан 50 метр узоқликда жойлашган 9-умумтаълим мактабига ўқувчилар ва мавжуд ўқитувчилар таркиби билан кўчириш орқали мазкур икки мактабни мақбуллаштирган ҳолда фаолиятини мувофиқлаштириш назарда тутилган. Бунда 10-умумий ўрта таълим мактабининг ўқитувчилари мавжуд дарс соатлари ва иш ҳажмлари сақланган ҳолда фаолиятларини ўз ўқувчилари билан давом эттиришлари таъминланади ва бирор бир ўқитувчи ва мактаб ходимининг ишсиз қолишига йўл қўйилмайди.

 Айни пайтда Бухоро шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарияти томонидан ушбу мактаблар жамоалари ва ўқувчиларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

   Вилоят халқ таълими бошқармаси ушбу масалани қонуний ҳал қилиш чораларини кўради", Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати тақдим этган хабарда.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1