1

Судларда интеграция тизими жорий этилса, даъво аризалари бир неча ой эмас, бир неча кунда кўрилади

ЖАМИЯТ 06.07.2020, 11:38
Судларда интеграция тизими жорий этилса, даъво аризалари бир неча ой эмас, бир неча кунда кўрилади

Жорий йилнинг 30 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида судларда адолат мезонини янада кафолатлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди...

Хусусан, Юртбошимиз одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Бугунги кунда одил судловни одамларни овора қилмасдан, халқни рози қилган ҳолда олиб бориш судлар олдида турган асосий масала десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз ўз маърузаларида бугунги глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланиши даврида электрон тизимни судлар фаолиятига кенг тадбиқ этиш, хусусан интеграциялаш лозимлиги ҳақида таклиф бердилар.

Биз судьялар ушбу таклифни қўллаб-қувватлаган ҳолда қуйидаги фикрлар билан бу таклифни асосли эканлигини ҳалқимизга маълум қилмоқчимиз: 

Судлар фаолиятига интеграцияни йўлга қўйилиши, аввало фуқароларни ортиқча овора қилмаган ҳолда одил судловни олиб борилиши, келгусида халқнинг розилиги билан бир қаторда, мамлакатимизда қонун устуворлигини янада таъминлашга хизмат қилади.

Судларда фуқаролик ишларини кўриш жараёнида судьялар томонидан бир нечта идораларга турли хил сўровномалар юбориш орқали даъво талабига аниқлик киритилиб, одил судлов таъминланади.

Ҳозирги кунда фуқаролик судларида турар жой, меҳнат, битимлар, зарар ундириш ва бошқа бир қатор низоларни кўришда турли идораларга қоғоз шаклда сўровномалар юборилади.

Масалан, биргина фуқаро рўйхатда турган жойида яшамаса, унинг қаерда эканлигини аниқлаш учун турли идораларга (7-8 та) суд томонидан сўровномалар юборилиши лозим.

Шунингдек, кўчмас мулк билан боғлиқ фуқаролик ишлари низоли мулкнинг кимга тегишли эканлиги хусусида кадастр органларига, агарда низо кўсмас мулк шартномаси билан боғлиқ бўлса, нотариал идораларига сўровномалар юборилади. 

Ўз навбатида сўровномаларни қабул қилиб олган ташкилотлар бир неча вароқдан иборат жавоб хатларини қоғоз шаклида судга тақдим этишга мажбур бўлади. Шунингдек, ушбу сўрономаларнинг судга тақдим этилиши почта орқали бир неча кунга чўзилиши мумкин.

Агарда фуқаролик судларида интеграция тизими жорий этилиб, кадастр, нотариус, миграция, давлат хизматлари агентлиги, ФҲДЁ архиви ва бошқа ташкилотлар билан электрон ҳужжат алмашинувини жорий этилса, судларга келиб тушган даъво аризасини бир неча ойлик вақт давомида эмас, балки бир неча кунда кўриб чиқиш имкониятини беради.

Бундан ташқари, суд идоралари ва турли ташкилотларда қоғоз тежалиши, почта ҳаражатларининг олдини олиниши бюджет харажатларини қисқартиришга ҳам олиб келиши муқаррар.

Суд идораларида электрон ҳужжатлар алмашинувини турли идоралар билан йўлга қўйилиши келгусида фуқароларни ортиқча оворагарчилигига чек қўйиш билан бир қаторда, суд ва бошқа идораларда иш юкламаларининг камайишга ҳам хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этишнинг асосий вазифаларидан бири судлар фаолиятининг очиқлигини, шаффофлигини ва тезкорлигини таъминлаш, судларда иш юритиш сифатини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат бўлиши лозим.

Шерзод РАЖАБОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раиси         

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1