АсосийJamiyat

Беморлар сони кўпайгани учун Жиззахда карантин тартиблари кучайтирилди

'Беморлар сони  кўпайгани учун Жиззахда карантин тартиблари кучайтирилди'ning rasmi

Жиззах вилоятида сўнгги кунларда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар сони ортиб бораётганлиги туфайли айрим туманлар «қизил» тоифали ҳудудлар таркибига киритилди. Шу муносабат билан вилоят ҳокими Э.Солиев Жиззах шаҳрида карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қарорга мувофиқ, Жиззах шаҳрига кириш ва чиқишни назорат қилиш учун қўшимча йўл патруль хизмати стационар постлари ва блок постлари ташкил этилди. Шаҳарга кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилди.

Жиззах шаҳридаги «Ёшлар шаҳарчаси», «Истиқлол» ва «Ўрда» экологик истироҳат боғлари фаолияти тўхтатилсин ва фуқароларнинг боғ ҳудудига кириши таъқиқланди. Шаҳарда автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз куннинг муайян вақтида 07.00 дан - 10.00 гача ва 17.00 дан - 20.00 гача ҳаракатланишига рухсат этилди.

Шунингдек, қарор билан Жиззах шаҳрида соат 07.00 дан 23.00 га қадар жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш ҳамда кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланди. Бунда фақатгина фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориб-келишига шахсий транспорт воситасига рухсат берилади.

Жиззах шаҳридаги «Марказий деҳқон» ҳамда «Эски шаҳар деҳқон» бозорлари, савдо мажмуалари кириш чиқиш жойларида фуқароларнинг тана ҳароратини ўлчаш учун тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминланиши белгиланди. Жиззах шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юклар мажбурий равишда дезинфекция қилинади.

Давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш, уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар «онлайн» режимга ўтказилади.

Қарорда қурилиш-таъмирлаш ишларида объектларнинг ҳудуди тўлиқ карантинга олиниши ва ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари билан биргаликда объектларда санитария-гигиена тадбирларининг амалга оширилиб борилиши ҳамда ташкилотларнинг фаолият олиб бориш даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиш белгиланди.

Жиззах шаҳридаги барча савдо шохобчалари, чойхона, ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш жойлари, сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳамда ўқув курслари фаолияти карантин тадбирлари тугагунга қадар тўхтатилади.

Вилоят ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, давлат хавфсизлик хизмати, миллий гвардия бошқармаларига карантин даврида жамоат тартибини сақлаш чораларини кучайтириш топширилди.

    Бошқа янгиликлар