Маълумки, Ўзбекистон географик жиҳатдан нисбатан иссиқ ҳудудда жойлашган. Шу боис, сўнгги пайтларда жамоатчилик томонидан енгил автотранспорт воситалари ойналарининг қорайтириш (тонировка) билан боғлиқ амалдаги тартиб юзасидан кўплаб эътирозлар, фикр ва таклифлар билдирилмоқда. Ана шу эътирозларни инобатга олиб депутатлар тонировка нархини пасайтириш таклифи билан чиқишди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев маълум қилмоқда
"Ўрганишлар шуни кўрсатaдики, одатда йилнинг иссиқ мавсумида ҳавонинг юқори ҳарорати ва қуёшнинг жазирама иссиғи ҳайдовчи ва транспортдан фойдаланувчилар учун кескин ноқулайлик туғдиради. Натижада, фуқароларнинг иқтисодий фаоллиги ва меҳнат самарадорлиги 1 фоиздан 15 фоизгача пасайишига олиб келиши мумкин экан.
Тонировка эса автомобиль ичидаги ҳаво ҳароратини 60 фоизга камайтириб, совутиш тизимининг нормал ишлашига шароит яратади ҳамда ҳайдовчи ва транспорт фойдаланувчиларига иссиқ мавсумда қулайлик яратилади. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг иқтисодий фаоллиги ва самарадорлиги ошишига ижобий таъсир кўрсатиб, мамлакат иқтисодига қўшимча ўн миллионлаб доллар фойда келтириши мумкин (Бугунги пандемия сабаб инқирозда бу биз учн айни муддао эмасми?)
Бундан ташқари, олимлар фикрича қуёш нурлари остида узоқ бўлиш ва ҳаркатланиш ҳам инсон терисининг қуруқшаб, қариб боришига, терида доғлар пайдо бўлишига, кўзнинг тўрпардаси зарарланишига ҳамда тери саратонига сабаб бўлиши мумкинлиги ўз исботини топган. Сифатли тонировка эса инсонларни қуёшнинг тик нурларидан сақлаш ва ультрабинафша (UV) нурларининг хатарли таъсиридан ҳимоялашда 99%гача самара беради.
Таҳлиллардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, иссиқ мавсумда тонировкадан фойдаланишга рухсат бериш иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан давлат учун ҳам фуқаролар учун ҳам фойдалидир. Aммо aмалдаги тартибга кўра белгиланган тўлов миқдорлари тонировкага ҳақиқатда эҳтиёжи бўлган кўплаб ҳайдовчиларга қимматлик қилмоқда.
Модомики ҳукумат тонировка учун белгиланган тўловларни буткул бекор қилишни истамас экан, ҳеч бўлмаса тўловларни арзонлаштириш, енгиллаштириш орқали компромис қилиши керак. Тонировкадан фойдаланиш тартибига бироз бўлса ҳам ижтимоий тенглик ва адолат принципини сингдириш лозим.
Шуни ҳисобга олиб, йилнинг иссиқ мавсумида (1 майдан 30 сентябргача, чунки асосан шу пайтда тонировкага реал эҳтиёж сезилади) БҲМнинг 10 баравари миқдоридаги тўлов эвазига (манга қолса бепул бўлиши керак, лекин шунисига ҳам кўпчилик рози ҳозир) автотранспорт воситасининг орқа (100%) ва олд ён (30%) ойналари тонировка қилишга рухсат бериш тартибини жорий қилиш мақсадга мувофиқ.
Бу бўйича ўз таклиф ва таҳлилларимизни ҳукуматга ҳам юбордик. Умид қиламан таклифларимизга масъул идоралар бефарқ бўлмай, ўрганиб чиқадилар ҳамда инобатга оладилар. Чунки ҳар мавсумда миллиардлаб қўшимча тушум, иқтисодий фаоллик ва меҳнат самарадорлигини ўсиши, янги иш ўринлари давлат иқтисодига ижобий таъсир кўрсатса, жисмоний қулайлик ва соғлиққа хавфли нурланишдан ҳимояланиш фуқаролар талабларини қондиради", - дейилади депутатнинг ижтимоий тармоқаги саҳифасида.






