8 июль куни соат 07:30 да Поп тумани ҳудудидан ўтувчи “Тошкент-Ош” автомобиль йўлида 28 ёшли Ж.Ж. бошқарувида бўлган цемент юкланган “ISUZU” русумли автомашинасини “Тошкент” йўналиши бўйлаб бошқариб бораётиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, жарликка ағдарилиб кетган. Оқибатида, автомашина ҳайдовчиси Ж.Ж. ва йўловчиси 23 ёшли Ш.Ж., лар тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида вафот этганлар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Ҳурматли фуқаролар транспорт воситасини бошқараётганда хушёр ва сергак бўлишингизни ҳамда амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари” га қатъий риоя қилишингизни сўраймиз, агарда сизда чарчоқ аломатлари бўлса, ушбу ҳолатда транспорт воситасини бошқармаслигингизни сўраймиз" дейилади хабарда.






