АсосийJamiyat

ЖССТ Қозоғистонда номаълум пневмония тарқалгани ҳақидаги хабар сабабли алоқага чиқди

'ЖССТ Қозоғистонда номаълум пневмония тарқалгани ҳақидаги хабар сабабли алоқага чиқди'ning rasmi

Бу ҳақда ЖССТ вакилига таяниб, «РИА Новости» хабар берди. Унга кўра, ЖССТ Хитой элчихонаси томонидан Қозоғистонда пневмониянинг номаълум тури тарқалгани ҳақида берилган огоҳлантиришдан кейин Қозоғистон ҳукумати билан алоқа боғлаган. 

Аввалроқ Хитойнинг Қозоғистондаги элчихонаси мамлакатда бўлиб турган хитойлик фуқароларни республика ҳудудида пневмониянинг хавфли турини келтириб чиқарадиган янги инфекция тарқалганидан огоҳлантирганди. Элчихонанинг таъкидланишича, мазкур пневмониянинг ўлимга олиб келиш хавфи COVID-19 инфекциясиникидан кучлироқ.

«Пневмония юзага келишининг кўплаб эҳтимолий сабаблари мавжуд, улардан бири — Қозоғистонда тарқалаётган COVID-19. Мамлакат расмийлари томонидан ўтган бир ҳафтада COVID-19 билан боғлиқ 10 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган», — дея таъкидлади ЖССТ вакили.

Унинг қўшимча қилишича, айни пайтда ташкилот зарур ёрдам кўрсатиш учун мамлакат ҳукумати билан алоқада бўлиб турибди.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 54 750 кишидан ошган, 31 800 дан ортиқ бемор тузалишга муваффақ бўлган. 6 июль ҳолатига кўра, 264 киши касаллик қурбонига айланган, касалликдан вафот этганлар сони ҳафтада бир марта эълон қилинмоқда.

Қозоғистонда 5 июлдан бошлаб 14 кун муддатга бир қатор карантин чекловлари жорий қилинган. Мазкур муддат тугагач чекловлар узайтирилиши ёки кескинлаштирилиши мумкин.

Аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри расмийлари шаҳарда яқин кунларда кузатилаётган ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) ва пневмонияга чалинганлар сони ортганини эпидемия,деб қараётгани хабар берилган эди. Кеча Олмаота вилояти ҳокими ўринбосари ва вилоят бош санитария врачи ҳам пневмониядан вафот этган.

    Бошқа янгиликлар