Электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимида тушунмовчиликларга дуч келяпсизми? Мурожаат манзиллари билан танишинг

ЖАМИЯТ 13.07.2020, 18:38
Электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимида тушунмовчиликларга дуч келяпсизми? Мурожаат манзиллари билан танишинг

Таъминловчи ва харидорлар ўртасида ҳар куни ўнлаб битимлар тузилади: ҳисобварақ-фактуралар, ишончнома, бажарилган ишлар далолатномаси, товар-транспорт юкхати ва ҳакозо. Тасаввур қилинг, икки томон мазкур ҳужжатларни қоғоз шаклида расмийлаштиради. Демак, курьер орқали уларни етказиб бериш, топширишни ҳам таъминлаш керак. Нима деб ўйлайсиз, бу жараёнлар тез ва осон ҳал бўлармикин? Албатта, йўқ. Чунки ҳужжатларни қоғоз шаклида ўзаро алмашиш кўп вақт, харажат талаб этиши кундай равшан. Бундай “йўқотиш”лар шу билан якун топмайди. Бухгалтерлар катта ҳажмдаги қоғоз ёзувларини бирма-бир таҳлил қилиб чиқиш учун алоҳида куч ва меҳнат сарфлайди. Бу ҳам етмагандек, ҳужжатларда хато ёки камчиликларга йўл қўйиш, йўқотиб қўйиш ёки қалбакилаштириш хавфи ҳам йўқ эмас... 

Бундай ташвишлар янгиликка хайрихоҳ, қулайликликка интилувчи ишбилармонлар учун мутлақо ортиқча. Улар замон талабига мос янги имкониятларни танлайди, кичик тежамкорлик билан катта унумдорликка эришишни кўзлайди. Электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) тизими ана шундай талаб ва истакларга ҳар томонлама мос. 

Ушбу тизимт езкорлик, қулайлик ва сифат бобида ишончни муносиб оқламоқда. Тизимга киритилаётган янги ўзгаришлар эса унинг имкониятлари қамрови ва фойдаланувчилари доирасини тобора кенгайтиряпти.

Хатоларни тузатиш мумкин

Айни вақтга келиб, анъанавий тарзда расмийлаштирилаётган ЭҲФдан ташқари унинг янги шакл ва турлари ҳам яратилди. Хусусан, эндиликда илгари яратилган хато расмийлаштирилган ва тасдиқланган ЭҲФларга тузатиш киритиш зарурати юзага келганда янги турдаги ҳисобварақ-фактурадан фойдаланиш қўл келади. Уни расмийлаштириш учун дастлаб тизимдаги “Тузатувчи” тоифаси танланади. Сўнг тузатмоқчи бўлган ЭҲФнинг рақам ва сана, 24 элементдан иборат ID рақами киритилади. Янги яратилган ЭҲФ икки томонлама тасдиқлангандан кейин эски ЭҲФнинг ҳолати ўзгаради ва янги ЭҲФ маълумотлари ҚҚС ҳисоботининг реестрида акс эттирилади.

Контрагент ЭҲФни ўз вақтида қабул қилмаса-чи?

Бу масала ҳам энди муаммо эмас. Харидор (контрагент) томонидан қабул қилинмаган, имзолаш жараёнида турган ва етказиб берувчи томонидан бекор қилинмаган электрон ҳисобварақ-фактураларни етказиб берувчи (сотувчи) ҚҚС ҳисоботининг 5-иловасида автоматик тарзда шакллантириш имконияти яратилди.

Шунингдек, харидор (контрагент) томонидан қабул қилинмаган, имзолаш жараёнида турган ва етказиб берувчи томонидан бекор қилинмаган электрон ҳисобварақ-фактуралар, улар қабул қилингунга қадар харидор ҚҚС ҳисоботининг 4-иловасида акс этмайди ва ҳисобга (зачётга) олинмайди. 

Уч томонлама тақдим этилади. Қачонки...

Товарларни (хизматларни) топшириқ шартномаси бўйича реализация қилишда ишончли вакил сотиб олувчи номига топшириқ берувчи номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этади. Ҳисобварақ-фактурада топшириқ берувчи ва сотиб олувчининг реквизитларидан ташқари ишончли вакилнинг реквизитлари ҳам кўрсатилиши лозим. Бундай ҳисобварақ-фактура уч нусхада тақдим этилади. Биринчи нусха сотиб олувчига, иккинчиси топшириқ берувчига юборилади, учинчиси ишончли вакилда сақланади.

Ҳамкорлар янада яқин

Корхона ўз филиалларига эга бўлса, my.soliq.uz сайти орқали уларни қўшиши мумкин. ЭҲФ яратилаётган вақтда тегишли филиални танлаш орқали керакли ҳамкор билан ўзаро ҳужжат алмашинувини амалга ошириш мумкин. 

Ҳозир республикамиз миқёсида 216 мингдан зиёд юридик шахс ва 43 мингдан ортиқ ЯТТ ҳисобварақ-фактураларнинг электрон шаклидан фаол фойдаланиб, муҳим вазифаларни соддалаштиришга, иш жараёнларини енгиллаштиришга эришмоқда. Сиз ҳам кам харж ва фаол ҳаракат билан катта самарани кўзлаган бўлсангиз, уларнинг сафидан жой олишнинг айни фурсати.

Агар тизим билан боғлиқ савол ёки тушунмовчиликларга дуч келсангиз, info@rouming.uz ёки https://rouming.uz/contacts электрон манзиллари орқали Сизга кўмаклашишга доим тайёрмиз. 

                                   Нодир МУҲАММАДОВ, “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази мутахассиси

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1