1

Фарғонада ҳарбий хизматчи ёнғинда қолган одамлар ҳаётини сақлаб қолди

ЖАМИЯТ 14.07.2020, 12:45
Фарғонада ҳарбий хизматчи ёнғинда қолган одамлар ҳаётини сақлаб қолди

... Ўша куни Қиргули мавзесида яшайдиган одамлар куппа-кундузи, халқ тилида айтганда эса «ёруғ бошида» бир эмас, икки инсон ҳаётини сақлаб қолган қаҳрамонни ўз кўзлари билан кўрди. У Голливуд фильмларидаги каби афсонавий кўринишга эга эмас. Унинг ёпинғич шаклидаги ажабтовур кийимлари ҳам йўқ. У ҳам ҳамма қатори инсон. Энг муҳими, унинг одамлар қувончу ташвишларини ўз кўнглидан ўтказа оладиган тоза қалби, юксак одамийлиги бор. Мана шу хислатлар Фарҳоджонни яна бир бор тўғри йўлга бошлади. Қалб амри машаққатлар ортидан уни яна бир бор кўнгил ҳаловатига етказди.   

Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Фарғона шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилиб келаётган кичик сержант Фарҳоджон Набижонов мана етти йилдирки, Фарғона шаҳар Қиргули мавзесидаги Табассум маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйда ўз оиласи билан ижарада яшаб келади. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеа содир бўлишидан бироз аввал у хизмат сафаридан уйига қайтиб келган эди. 

Кийимларини алмаштириб бўлган Фарҳоджон кичик қизини қўлига олиб, уни ўйната бошлаган эдиямки, кўчадан шовқин-сурон эшитилди. Деразадан қараса, ўзи бир пайтлар ижарада турган қўшни 17-уйдан ёнғин чиқяпти, уй атрофига йиғилган одамлар саросимида. У тезда ўша уй томон ошиқди.

Маълум бўлишича, мазкур уйнинг 25-хонадони ўт ичида қолган. Фарғона шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси қутқарув гуруҳи ҳам чақирув бўйича воқеа жойига етиб келиб, вазиятни ўргана бошлайди. Улар электр таъминотини узиб, ўз ишларини бошлагунча Фарҳоджон тутунга тўлган подъезддан юқорига кўтарилиб, тилсиз ёв ҳунар кўрсатаётган уй эшигини бузиб, ичкарига киради. 

Уй ичида чамаси 50-55 ёшлар атрофидаги хонадон соҳиби ҳушсиз ётарди. Фарҳоджон уй эгасини шартта кўтариб оладида, уни хавфсиз жойга – уй ташқарисига олиб чиқиб кетади. 

Шу пайт мазкур уйнинг 5 қаватидан қиз боланинг йиғиси эшитила бошлайди. Ҳавотир ва қўрқув билан воқеани кузатиб турган қўни-қўшнилар сафига ўша бешинчи қаватда истиқомат қилувчи аёл ҳам келиб қўшилади. (У етти ёшли қизини уйда қолдириб, ўзи дорихонага чиққан экан). Қизининг овозидан таниб, унга ёрдам беришларини илтимос қила бошлайди. Ўзи кирай деса, ёнғиннинг зўридан чиққан заҳарли тутун бутун подъездни тутиб кетган, то ўзи яшайдиган бешинчи қаватга кўтарилиб боргунча нима бўлади, Худо билади. Фарҳоджон ортиқ ўйлаб ўтирмади, бунга вақт ҳам йўқ эди. Аёлдан уйи калитини олдида, иккинчи бор олов домига равона бўлди. Бу пайтда олов шиддати қўшни уйларга ҳам хавф солаётган, ундан ўтиб олиш эса ўта машаққатли эди. Орадан бироз вақт ўтгач, қўрқувдан дағ-дағ титраётган қизчани кўтариб олиб тушдида, уни онасига топширди.

Сўнгра қутқарув гуруҳига оловни бартараф этишда ёрдам берди. Шу тариқа тилсиз ёв сўндирилиб, қаҳрамонимиз томонидан инсонлар ҳаёти сақлаб қолинди. Кичик сержант Фарҳоджон Набижоновга кўрсатган жасорати учун маҳалла аҳли, қолаверса, қутқарув гуруҳи вакиллари ҳам ўз миннатдорлигини билдирди. 

Кичик сержант Фарҳоджон Набижонов инсонларга ёрдам бериш, ватандошлари ҳаётини сақлаб қолишда ўзининг чинакам ватанпарварлигини намойиш эта олди. 

Дарҳақиқат, бугун миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган Ватан ўғлонлари нафақат ўз касбий маҳорати, балки чин инсоний фазилатлари билан ҳам юртдошларимизга ибрат бўлаётир. Армия инсонларни мана шундай олийжаноб бўлишга, улардаги дахлдорлик ҳиссининг ортиб боришига хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Гапимиз сўнггида бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Сўнгги йилларда халқимиз бошига тушаётган синовларни енгиб ўтишда миллий армиямиз роли қанчалик муҳим бўлаётганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз. Она Ўзбекистонни кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган, унинг сарҳадлари дахлсизлигига жонини тиккан ҳарбийлар ҳар жабҳада фаол. Шунчаки улар жуда камтар, хокисор. Шу боис ҳам улар ўз қаҳрамонликлари, одамлар ҳаётини сақлаб қолишдаги хизматлари ҳақида кўп гапиравермайди. Мана шу жиҳат эса мард ва жасур ҳарбий хизматчининг кўз ўнгимизда гавдаланадиган олийжаноб портретига ёрқин ранг беради.

... Фарҳоджон уйига қайтгач, қизчасини маҳкам қучоқлаганча омон қолган уй эгаси ва қўрқувдан титраётган ўша қизалоқни хаёлидан ўтказиб қўйди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ, «Ватанпарвар» газетаси мухбири

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1