Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев 15 июль куни Президент видеоселекторидан сўнг берган интервьюсида берилган долзарб вазифалар ҳақида гапирди.
Ўзбекистонда, айниқса Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирусга қарши курашиш бўйича кечаги тактика, кечаги стратегия бугунги кун талабига умуман жавоб бермайди, деди у.
Унинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида 135та тез тиббий ёрдам машинаси бўлиб, биринчи босқичда зудлик билан яна 50та машина икки кун ичида жиҳозланиб, йўлга қўйилади. Пойтахтдаги колл-марказда фаолият кўрсатаётган ходимлар сони 40 нафардан 100 кишига етказилади.
«Бугун Тошкент шаҳридаги поликлиникаларга 750та мобил телефон етказиб берилди. Шифокорлар кун давомида уч маҳал ўзини-ўзи даволаш билан шуғулланаётган беморлардан қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрайди ҳамда керакли маслаҳатларни беради», – деди Бош вазир ўринбосари.
Мусаевнинг сўзларига кўра, ҳудуддаги секторларнинг тўрт раҳбари беморлар ҳолатидан хабардор бўлиши шартлиги белгиланди. Бу орқали улар аҳолининг дард ва муаммолари ҳамда ҳудуддаги соғлиқни сақлаш тизими ҳолатини яқиндан билади.






