Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда долзарб саволлар юзасидан жавоб қайтарилди.
"Хусусий дорихоналар ўзлари олиб келган дориларни истаган нархда ёки устига белгиланган қанчадир фоиздан ортиқ бўлмаган нархда сотиши мумкинми?"
–Дори-дармонларга нарх белгилашда улгуржи реализация учун – сотиб олиниш нархидан 15% дан ортиқ бўлмаган, чакана реализация учун - улгуржи нархидан 20% дан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилиши белгиланган. Асос — Президентнинг 2016 йил 31 октябрдаги 2647-сон “Аҳолини дори воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори.
Шунингдек, четдан олиб келинадиган ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади.






