Аксарият одамларни карантин қоидаларига риоя қилмасдан ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этиши уларга нисбатан кескин чораларни кўриш учун асос бўлиб келмоқда.
Андижон вилояти, Улуғнор тумани, “Учкўприк”МФЙ, Эътибор кўчасида яшовчи Д.Б. 6 июнь кунига ўтар кечаси маст ҳолда маҳалладоши фуқаро М.М.нинг яшаш хонадонидагилар ва қўшниларининг тинчлигини бузиб, ҳақоратли сўзларни айтиб, майда безорилик қилганлиги аниқланган.
Афсусланарли ҳолат шуки, Д.Б.нинг шахсига тўхталиб ўтсак, у муқаддам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик жинояти) билан судланиб, Ички ишлар органлари рўйхатида туриб, жазо ўтаб келаётган бўлса-да,айбини оғирлаштирувчи ҳолатда, яъни спиртли ичимлик ичиб маст бўлгани ҳолда, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этган.
Улуғнор туман маъмурий судининг раиси Вахобжон Сиддиков томонидан 2020 йил 10 июль куни олиб борилган суд мажлисида Д.Б.га оид маъмурий иш кўриб чиқилиб, суд қарорига асосан, у МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисмида (карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида жамоат жойида ниқобсиз юриш), МЖтКнинг 187-моддаси 1-қисмида (жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) ва МЖтКнинг 183-моддасида (майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. МЖтКнинг 34-моддасига асосан узил-кесил Д.Б.га 10 (ўн) сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, ундан қамоқда сақлаш учун сарфланган ҳаражатлар ҳисобидан 334.500 сўм давлат фойдасига ундириш белгиланди.






