АсосийJamiyat

Олимлар терига тошма тошиши коронавируснинг янги аломати эканлигини айтишмоқда

'Олимлар терига тошма тошиши коронавируснинг янги аломати эканлигини айтишмоқда'ning rasmi

Британиялик тадқиқотчилар томонидан олиб борилган янги изланишлар натижасига кўра, коронавируснинг йўталиш, иситма ва ҳид билиш қобилиятини йўқотиш каби аломатлари қаторига терига тошма тошишини ҳам қўшиш керак.

Олимлар ўз тадиқотларида Буюк Британияда яратилган “CОVID симптомларини ўрганиш” деб номланган мобил иловадан фойдаланишган бўлиб, бу иловада одамлар ўзларидаги коронавирус аломатларини ёзиб боришлари мумкин. Ушбу илова орқали 336 минг кишидан коронавирус симптомлари ҳақида маълумот олинган. Ажабланарлиси шундаки, уларнинг кўпчилигида тери тошмалари кузатилган.

Унга кўра, коронавирусни юқтириб олганларнинг 8.8 фоизининг терисида касаллик аломати сифатида тошмалар ҳам пайдо бўлган. Бу эса тошмалар CОVID-19 билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

“Кўплаб вирусли инфекциялар одам терисига таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун коронавирусга чалинган беморларнинг терисида тошмалар пайдо бўлиши ғайриоддий ҳодиса эмас. Лекин, одамлар шуни билишлари муҳимки, баъзи ҳолларда теридаги тошмалар коронавируснинг биринчи ёки ягона аломати бўлиши мумкин. Шунинг учун сиз терингизда янги тошма пайдо бўлганини кўрсангиз, буни жиддий қабул қилишингиз ва ўзингизни изоляцияга олиб, имкон борича тезроқ коронавирусга тест топширингиз керак” дейди ушбу тадқиқот муаллифи дерматолог Вероника Батайле.

Коронавирус билан боғлиқ тошмалар уч турга бўлинади. Биринчи турга кирувчи тошмалар асалари уяси шаклида бўлиб, у кутилмаганда тери устида шиш пайдо қилади. Бундай тошмалар тезлик билан бир неча соат ичида йўқолиб кетади ва улар қитишқоқ бўлади. Улар кўп ҳолларда биринчи бўлиб қўл панжаси ва оёқнинг таг қисмида юзага келади ҳамда лаблар ва қовоқларнинг шишишига сабаб бўлади.

Иккинчи гуруҳдаги тошмалар сувчечакка ўхшаб кичик, қизил ва қичишқоқ бўлади. Бундай тошмалар тананинг барча қисмида ҳосил бўлиши мумкин бўлсада, асосан тирсаклар, тиззалар ва қўл-оёқ панжаларининг орқа томонида ҳосил бўлади. Бу тошмалар бир неча кун ёки ҳафталаб давом этиши мумкин.

Тадқиқотдаги учинчи турга киритилган тошмалар “CОVID бармоқлари” деб аталади. Улар қўл ва оёқ бармоқларида юзага келиб, қизил ёки сиёҳранг бўлади. Одатда, улар қичишқоқ эмас. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, ушбу турдаги тошмалар коронавирусга чалинган ёшроқ одамлардагина учрайди ва у касалликнинг бошида эмас, балки кейинроқ ҳосил бўлади.

“Бу тадқиқотдан олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, одамлар ўзларининг териларидаги шиш, тошма каби ҳар қандай ўзгаришларга жиддий эътибор беришлари керак. Аҳолининг коронавирус билан боғлиқ бўлган тошмалар ҳақида эртароқ маълум қилиши ушбу инфекциянинг аниқланиши ва унинг тарқалишини тўхтатишга ёрдам бериши мумкин” дейди Британия дерматологлари ассоцацияси президенти Таня Блейкер.

    Бошқа янгиликлар