Паспорт ёшига етмаган, паспорт олишга улгурмаган ҳамда паспортини яқинда олган, аммо абитуриент сифатида рўйхатдан ўта олмаётган абитуриентлар қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълум қилди.
"2020/2021 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига киришда фуқаролик паспорти олиш ёшига етмаган, фуқаролик паспорти олиш ёшига етган, аммо паспорт олишга улгурмаган абитуриентлар яшаш жойларига яқин бўлган олий таълим муассасаларига рўйхатдан ўтиш учун мурожаат қилганда ички ишлар бўлимлари томонидан берилган 09-ШАКЛ МАЪЛУМОТНОМА бўлиши шарт", дейилади вазирлик эълонида.
Фуқаролик паспортини яқинда олган, аммо Давлат тест марказининг дастуридан абитуриент сифатида рўйхатдан ўта олмаётган фуқаролар эса мазкур фуқаролик паспортлари билан яшаш жойларига яқин бўлган ОТМларига мурожаат қилишлари сўралади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 июль соат 18:00 ҳолатига кўра, республикамизда жами 1 262 551 нафар (жорий йилги битирувчилар 498 377 нафар) абитуриент рўйхатдан ўтди.
Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 20 июлига қадар (шу куни ҳам) амалга оширилади.






