АсосийJamiyat

Олмазор туман ҳокимлиги: Коронавирусга чалинган 60 ёшли тиббиёт ходими вафот этди

'Олмазор туман ҳокимлиги: Коронавирусга чалинган 60 ёшли тиббиёт ходими вафот этди'ning rasmi

Тошкентнинг Олмазор тумани «Мирзо Ғолиб» маҳалласида жойлашган 18-оилавий поликлиника катта ҳамшираси Феруза Асқаровна Тўхтаева коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этди. Бу ҳақда 19 июль куни Олмазор тумани ҳокимлиги маълум қилди.

«COVID-19 касаллиги меҳрибон она, фидойи, жонкуяр, халқпарвар, беморлар дардига даво бўлиб келган ширинсухан ҳамшира Феруза Асқаровнани орамиздан бевақт олиб кетди. Беморларга ёрдам кўрсатиб чарчамаган, айниқса ҳозирги вақтда фидойилик кўрсатган Феруза опа сўнгги вақтгача ўз касбига садоқат билан ёндашди», — дейилади туман ҳокимлиги таъзияномасида.

Олмазор тумани ҳокимлиги марҳуманинг оила аъзоларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирган. Маълумотларга кўра, Феруза Тўхтаева 1960 йилда туғилган эди. Олмазордаги ҳамширанинг вафоти юзасидан ҳозирча Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот берганича йўқ.

Шундай қилиб, бу Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маълум қилинган ва коронавирус оқибатида юз берган 88-ўлим ҳолатидир. 

Дарё нашри малум қилишича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозиргача ушбу ҳолатларининг фақат 85 тасини тасдиқлаган.

 Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги ходими Адҳамжон Деҳқонов,

Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими —Акмал Ирисов коронавирусдан вафот этганини эълон қилган, бироқ ҳозирча ушбу ҳолатлар ССВ томонидан тасдиқлангани йўқ.

Айни вақтда, бу Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг коронавирусдан вафот этиши билан боғлиқ жамоатчиликка маълум қилинган иккинчи ҳолатдир. Аввалроқ Яккасарой тумани тиббиёт бирлашмасининг Ўртасаройдаги карантин марказидаги хизмат кўрсатишга сафарбар этилган шифокори Алишер Уралов коронавирусга чалиниб, 26 июнь куни вафот этганди,унинг вафоти 28 июнь куни эълон қилинган эди.

Шифокор Ураловнинг вафотидан сўнг унинг қизи Шаҳноза Ҳасанова ОАВ орқали чиқиш қилган. Шундан кейин 1 июль куни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов шифокорнинг оиласидан хабар олгани борган ва шу куниёқ оилага Президент қарорида белгиланган 250 миллион сўмлик компенсация пули ўтказиб берилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларига ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча тўлов тўланади.

Шунингдек, беморлар билан ишлаш давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўмдан тўланади.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 млн сўм бир марталик тўловлар тўланади.
 

    Бошқа янгиликлар