Масс−медиа фонди, Kun.uz ва Milliy телеканали ҳамкорлигида кунлик янги лойиҳа – «Tez yordam» кўрсатуви эфирга узатила бошланди. Дастур бошловчиси — коронавирусни ўз бошидан ўтказган, Масс−медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонд раиси Комил Алламжонов.
Лойиҳанинг илк сонида иммунолог-инфекционисти, тиббиёт фанлари номзоди Азиза Хўжаева COVID-19’да тана ҳарорати кўтарилиши ҳақида сўз юритди.
«Тана ҳароратининг кўтарилиши – организмнинг касалликка универсал реакциясидир. Соғлом тана ЎРВИ, грипп, коронавирус каби касалликларда ўз курашувини иситма орқали намоён қилади. Бу пайтда организмнинг иммун тизими вирус билан курашиш учун интерферон ажратиб чиқаради. Интерферон эса вирусни йўқотиш учун ҳаракат қилади.
Иситма туширилдими, демак, вируснинг кўпайиши учун қулай муҳит қилиб берилди, чунки интерфероннинг ажралиб чиқиши сусаяди.
Тана ҳароратининг 38 даражагача кўтарилиши хавфсиз. Аммо 38 даражадан кўтарила бошласа, кейин парацетамол ёки бошқа дори бериш мумкин.
Шунингдек, бемор турли сабаблар билан (сурункали касалликларнинг мавжудлиги, организмнинг ўзига хослиги, ёш болалар) иситмани оғир кечирса, ўзини ўта нохуш ҳис қилса, иситма туширувчи дори бериш керак бўлади», – дейди мутахассис.






