Аввал хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев пандемияга қарши кураш ишларининг танқидий таҳлилига бағишлаган йиғилиш ўтказди.
Шавкат Мирзиёев кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб келиш учун махсус самолёт ажратиш ҳақида кўрсатма берди.
Чет давлатларда ўпка яллиғланган ҳар бир бемор учун зудлик билан кислород концентраторларига махсус ниқоблар кийгизиш орқали ҳаво олишини енгиллаштириб, қўлига пулсоксиметр тақилмоқда ва бу билан беморнинг нафас етишмовчилиги бартараф қилинмоқда.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда бош вазир Абдулла Ариповга мазкур тиббиёт жиҳозларини имкон қадар қисқа муддатларда Ўзбекистонга етказиш бўйича топшириқ берилган.
«Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди», — дейилади расмий ахборотда.






