Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партияси фракцияси аъзолари Ҳукумат томонидан 2020 йил Давлат дастурининг олти ойлик якунлари бўйича ҳисоботини тинглади. Бу ҳақда Партия етакчиси Алишер Қодиров маълум қилди:
"Ҳозирги мураккаб шароитда Ҳукумат томонидан олиб борилаётган самарали фаолиятни эътироф этиш билан бир қаторда айрим масалаларда эътирозларимизни етказдик:
1) “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунда инвесторларга киритилган инвестициялари учун кафолатли муддат тақдим қилинган, лекин қабул қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида барча имтиёзлар бекор қилинган. Ушбу масалада Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги томонидан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий инвесторлар орасида пайдо бўлган хавотирни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар кўрилмаяпти;
2) 315 та умумтаълим мактабларида қурилиш таъмирлаш ишларини олиб бориш учун 1,2 трлн.сўм маблағ ажратилган. Ушбу мактабларнинг барчасида лойиҳа ишлари якунланган ва 295 тасида тендер ўтказилган. Шу билан бирга, ажратилган маблағнинг 377,8 млрд.сўм қисми ўзлаштирилган, холос. Бугунгидек қулай шароит, яъни ўқувчиларни мактабларда эмаслиги пайтида қурилиш-таъмирлаш ишларини якунига етказиб олиш учун нима халақит бермоқда? Ёки ўқувчилар мактабга қайтганидан кейин, уларни сарсон-саргардон қилиб қурилиш қилиш керакми?
3) “Реклама тўғрисида”ги қонун ижроси таъминламаяпти. Соҳада қўпол қонунбузишлар одатий ҳолга айланиб қолди. Соҳанинг назорати амалдаги қонунда кўзда тутилган бўлишига қарамасдан маҳаллий ҳокимликлар томонидан назорат қилинмаяпти, чунки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан назорат Вазирлар Маҳкамасига ўтказилган. Бу соҳа аллақачон монополия эмас, лекин ҳанузгача монополиядек муносабатда бўлинмоқда. Носоғлом рақобат муҳити юзага келган. Бу соҳадаги муаммолар бўйича алоҳида Парламент эшитуви ташаббус қилишни мақсадга мувофиқлиги таъкидланди", — бир нечта этирозлар билан чиққан "Миллий тикланиш" партияси.






