Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими иш юритувида Фуқаролик ишлари бўйча Учтепа туманлараро судининг 2006 йил 25 декабрдаги, қарздор Н.С.дан ундирувчи Х.С. фойдасига уч нафар вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 1/2 қисм миқдорида алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўлим ижро иш юритувига 2020 йил 27 апрель куни келиб тушган ва Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ шу куни ижро иш юритишни кўзғатиш хақида қарор қабул қилинган. Бу ҳақда МИБ ёзмоқда.
Алиментчи ота Н.С. 2017 йил апрель ойидан 2020 йилнинг апрель ойига қадар бўлган даврда яъни 36 ой давомида вояга етмаган 3 нафар фарзандлари учун алимент пулларини тўламасдан келган. Собиқ турмуш ўртоғининг бу эътиборсизлигидан норози бўлган ундирувчи Х.С. Бюронинг Учтепа туман бўлимига мурожаат қилган.
Карантин шароитида ҳам, 3 нафар вояга етмаган фарзандлар тақдирига эътиборсиз бўлмаган МИБнинг Учтепа туман бўлими давлат ижрочилари дарҳол қарздор отага нисбатан мажбурий ижро ҳаракатларини амалга оширди. Шунингдек, алиментчи отага нисбатан олиб борилган тўғри тушунтирув ва тарғибот суҳбатлари ёрдам берди.
Натижада 2020 йил 18 май куни қарздор Н.С.дан 40 млн. 400 минг сўм алимент пуллари ундирувчи Х.С.га тўлиқ ундириб берилди. Ундирувчи карантин вазиятида 3 нафар фарзанди учун 3 йиллик алимент пуллари тезкорлик билан ундириб берилганидан мамнун бўлиб, МИБ ходимларига миннатдорчилигини билдирди.






