АсосийJamiyat

Жанубий Корея ҳукумати ишчи визаси билан кириб келиш бўйича янги тартиб ишлаб чиқмоқда

'Жанубий Корея ҳукумати ишчи визаси билан кириб келиш бўйича янги тартиб ишлаб чиқмоқда'ning rasmi

Бугун Сеул шаҳрида Корея Бандлик ва меҳнат вазирлиги томонидан Корея касб сифатини баҳолаш хизмати билан ҳамкорликда Covid-19 пандемия даврида фуқароларнинг Корея Республикасига кириб келиши ва тарк этиши юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълум қилди.

Йиғилишда қуйидаги масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, Кореяда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириб ватанга қайтаётган фуқароларнинг ўз вақтида Корея ҳудудини тарк этиш масаласи кўтарилди. Бу борада Корея ҳукумати томонидан фуқаролар учун барча шароитлар яратилаётгани, виза муддати тугаётган фуқароларнинг ўрнатилган тартибда иммиграция хизматига мурожаат этиш орқали виза муддатларини узайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Агар, фуқаролар ўз вақтида Кореяни тарк этмай ноқонуний равишда ушбу давлатда қолган тақдирда ўша давлат бўйича фуқаролар кўрсаткичи кўп бўлса, кейинги йилга янги ишчиларнинг кириб келиш квотасига таъсир этади.

Йиғилиш доирасида ўтказилган брифингда пандемия даврида турли давлатларда пайдо бўлаётган муаммолар ҳақида тўхтаб ўтилди.

Бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси томонидан Корея Республикасидан учиб бораётган авиарейслар «яшил рейс» мақомига эга эканлиги, Кореядан кириб борган фуқаролар 14 кунлик карантинга олинмаслиги юзасидан жорий йилнинг 14 июндаги Республика махсус комиссияси томонидан қарор қабул қилинганлиги, 15 июндан бошлаб карантин талабларининг енгиллаштирилганлиги туфайли, авиақатновларнинг қайтадан йўлга қўйилганлиги ҳамда ҳозирги кундаги Ўзбекистондаги пандемия ҳолати бўйича ахборот берилди.

Ваколатхона ва элчихона томонидан меҳнат мигрантларини Корея ҳудудини тарк этиши борасида ҳар томонлама амалий ёрдам берилаётгани таъкидланди. Қолаверса, Ваколатхона томонидан, айрим сабабларга кўра, Корея Республикасидан Ўзбекистон Республикасига кетган фуқароларнинг меҳнат таътили, виза муддати тугаётганлиги, иш жойини алмаштиришни тегишли ташкилотларда қайд этиш муддати тугаб бораётганлиги, уларнинг Кореяга кириб келиши юзасидан кўплаб муаммолар мавжуд эканлиги, бу муаммолар юзасидан ўзаро ҳамкорликда ечим топиш юзасидан йиғилиш ташкилотчиларига таклифлар билдирилди.

Ўз навбатида Корея ҳукумати томонидан ишчи визаси билан кириб келиш бўйича янги тартиб ишлаб чиқилаётганлиги ва мазкур тартиб тўлиқ ишлаб чиқилгандан сўнг яқин кунларда тақдим этилиши маълум қилинди.

Виза муддати тугаётган Ўзбекистон фуқаролари Корея ҳудудидан чиқиб кетишда муаммоларга дуч келаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Кореядаги элчихонаси ёки Ваколатхонага виза муддати тугашидан олдин мурожаат қилиши сўралади.

    Бошқа янгиликлар