"Миллий" телеканалининг "Тез ёрдам" лойиҳаси эфир юзини кўрган биринчи кунданоқ Ўзбекистонда кенг аудиторияга эга бўлди. Гарчи, телеканалларда коронавирус ҳақида ўнлаб кўрсатув ва чиқишлар қилиб борилаётган бўлсада, "Тез ёрдам" кўрсатуви ўзининг янги формати билан жамоатчилик эътиборига тушди. Айни пайтда ушбу кўрсатувдан олинган қисқа лавҳалар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалишга ҳам улгурди. Хўш, унинг ўзига хослиги нимада бўлди? Телеграм ижтимоий тармоғида ўзининг кескин танқидлари билан ном чиқарган платформа.уз каналида ушбу лойиҳага муносабат билдирилди.
"Шахсан мен Комил Алламжоновнинг “Milliy” телеканалидаги “Тез ёрдам” кўрсатувини кўрмаганимда, ижтимоий соҳада, хусусан, МТРК ва ССВ ишида халқ билан муомала қилиш бўйича катта жарлик борлигини билмасдим. Мазкур лойиҳа буни англатди. Давлат сиёсатини юритадиган бу икки сектор халқдан анча узоқлашиб кетган экан.
Комил Алламжонов лойиҳаси тез орада миллионлаб одамларни атрофига йиғгани, бугунги энг долзарб муаммо — коронавирус нима, унинг қандай турлари бор, чалинганда нима қилиш керак, деган оддий саволларга одамлар тушунадиган тилда жавоб берилаётгани, бунинг устига жонли мулоқот уюштирилаётганида, деб биламан.
Кўрсатув бошловчиси, биринчидан, COVID-19ни бошидан ўтказган одам. Ўзиям эфирда буни кўп бор таъкидлади. Шунинг учун ҳам бу касалликка доир аксарият саволларни ўзидан келиб чиқиб беряпти. Бошловчиликни жуда эркин олиб боряпти.
Студиядаги учта эксперт — дўхтир опаларни ҳам ҳар бир нарсани илмий эмас, оддий, халқона, жайдари тилда тушунтиришга ундаяпти. Ўртадаги мулоқот содда ва самимий. Ўрнига қараб ҳазил-ҳузул ҳам, жиддий гаплар ҳам бўляпти...
Энди сизга савол: нега бу кўрсатув тезда кўпчиликнинг меҳрини қозонди, тилга тушди? Чунки унга “тепа”даги галстукли “конструкторлар” аралашмаган. Ҳаммаси оддий, ҳаётий, одамлар бошдан кечираётган ташвишларга ҳамоҳанг. Муҳими, сиёсийлашмаган, ичида турли фармон ва қарорлар, маърузалардан иқтибослар йўқ...
Очиғи, Комил Алламжоновга — 5! ССВ ва МТРКга бугунги синовли кунларда халққа қандай тарғибот сиёсати кераклигини кўрсатиб қўйибди..." - дейилади муносабатда.






