АсосийJamiyat

Яна икки қурбон: Тошкентда 64 ёшли аёл ва 34 ёшли ҳомиладор аёл коронавирусдан вафот этди

'Яна икки қурбон: Тошкентда 64 ёшли аёл ва 34 ёшли ҳомиладор аёл коронавирусдан вафот этди'ning rasmi

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 июль кунининг сўнгги соатларида коронавирусдан вафот этган икки аёл ҳақида хабар берди. 

Хабарга кўра, иккала аёл Тошкент шаҳридан. 64 ёшли М.С. Шайхонтоҳур туманида яшаган.  13–18 июль кунлари Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси кардиология бўлимида даволанган.

18 июль куни унда “COVID-19” тасдиқланган ва Тошкент тиббиёт академияси клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган. Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, зўриқиш стенокардияси, терминал ўпка ва бош мия шиши асоратлари билан кечган.

Шунингдек, бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан (инсульт) сўнгги ҳолат, юрак ишемик касаллиги, миокард инфарктидан сўнгги кардиосклероз, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Беморга мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилган. Аммо беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва юрак қон-томир етишмовчилиги, сатурация кўрсаткичи пасайиб бориши, нафас олишининг қийинлашуви бўйича мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, терминал ўпка шиши ҳамда бош мия шишидан вафот этган.

34 ёшли Б.М. Олмазор туманида яшаган. Унда 5 июль куни “COVID-19” тасдиқланган ва 6 июль кунига қадар у пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида даволанган.

6 июль куни бемор шаҳар 3-сон туғруқ комплексига ўтказилган. Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган бўлиб, касаллик ўткир нафас ва юрак етишмовчилиги асорати билан кечган.

Беморда 24 ҳафталик учинчи ҳомиладорлик бўлган ва асоратланган акушерлик анамнези, камқонлик каби ҳамроҳ касалликлар билан оғриган.

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи оғирлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларларга қарамай, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

    Бошқа янгиликлар