Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кщра 2020 йил 26 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 20226 (+274) нафарни ташкил этмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 136 нафари Тошкент вилоятида, 90 нафари Тошкент шаҳрида, 29 нафар Сирдарё вилоятида, 16 нафари Андижон вилоятида ҳамда 3 нафари Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Айни пайтда юртимизда 10831 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (54 фоиз) соғайган.
Ҳозирда мамлакатимизда 9283 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 133 нафари оғир, 63 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Шунингдек бугун эрталаб ССВ коронавирусга чалинган бухоролик 57 ёшли эркак беморнинг ўткир респиратор дистресс синдроми ва нафас етишмовчилигидан вафот этганини маълум қилди.
Хабарда айтилишича Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида яшаган 57 ёшли З.Э.да (эркак) жорий йил 3 июль куни “COVID-19” инфекцияси тасдиқланган ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Унга “COVID-19” инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўпка артериялари тромбоэмболияси асорати билан кечган.
Шунингдек, паркинсонизм касаллиги билан ҳам оғриган. Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир респиратор дистресс синдроми ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган.






