Журналистлар орасида “Газетный корпус” номи билан таниқли бўлган “Матбуот уйи”га туташ ошхоналар бузиб ташланмоқда. Нима учун? Бу ер кимга керак бўлиб қолди? Ўта мустаҳкам қурилган иморатларни бузишдан мақсад нима? Бу бинога кириб чиқадиган журналистлар ҳам ҳайрон. Аммо ўзларини қизиқтираётган шу каби саволларга жавоб топганларича йўқ, дейилади Холис фикрда.
Айтилишича, бузилаётган биноларда илгари бешта ошхона жойлашган. Нарх-навоси марказдаги бошқа ошхоналардан анча арзон бўлганлиги сабаб бу ерга тамадди қилиш учун нафақат газетчилар, балки ҳудуддаги аксарият идора ва ташкилотлар ходимлари келишган. Ҳозирда бешта ошхонадан биттасигина ишлаб, биттаси ижарага берилган. Қолганлари бўш қолиб, айниқса, маросимлар ўтказиладиган зал ташландиқ ҳолга келиб қолган.
"Тадбиркорлар бунга сабаб сифатида “Матбуот уйи” шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилгач, ижара нархининг кескин кўтарилиб кетганини айтишади. Янги талабгорларга эса олдинги қарздорликни тўлаш мажбурияти қўйилган эмиш. Модомики, ошхоналар қарзга ботиб кетган тақдирда ҳам бу тайёр иморатни бузишга асос бўлолмайди. Уни қайта таъмирласа яна узоқ йиллар хизмат қилиши мумкин.
Айрим гап-сўзларга қараганда, ошхоналар ўрнида супермаркет қурилар эмиш. Аммо бу ҳақда аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмади. Ҳудудда қурилиш паспортидан дарак йўқ. Бу марказдаги қимматбаҳо ерлар яна ими-жимида ўзлаштирилаётганидан навбатдаги далил. “Газетный корпус” биносини қўлга киритиш учун бир неча марта уринишлар бўлганди. Бунинг уддасидан чиқа олмаган кучлар навбатдаги ҳужумда унинг пойини ишғол этишга жиддий жаҳд қилишган кўринади. Бу кетишда ушбу ҳудудда қадам ташлашга ҳам жой қолмайдиганга ўхшайди.






