Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Давгеодезкадастр билан Пиза университети ўртасида видеоконференция шаклида учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда Вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Тадбир Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси томонидан Европа Иттифоқи Эрасмус + дастурининг Тошкентдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Учрашувда Тошкент шаҳрида Пиза университетининг филиалини ташкил этиш лойиҳаси, шунингдек, карантин чекловларини ҳисобга олган ҳолда кейинги ишларни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Университет ректори профессор Паоло Мансарелла Тошкент шаҳрида талабалар шаҳарчасини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорлик билдирди.
Шу билан бирга, ректор пандемия билан боғлиқ сабабларга кўра, амалий ҳамкорликни масофавий тарзда бошлашни таклиф қилди.
Хусусан, масофавий ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик талабаларнинг онлайн тарзда ташкил қилинадиган тайёрлов курсларида (Foundation Courses), кейинги босқичда эса Пиза университетида таҳсилни давом эттиришларини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон ёшлари Пиза университети дастурига мувофиқ геология ихтисослиги бўйича геология, геодезия, картография ва кадастр мутахассиси бўлиб етишади. Ушбу шаклдаги таҳсил аллақачон университет билан унинг Лучча шаҳридаги кампуси ўртасида амалга оширилмоқда.
Пиза университети дастури мажбурий ва ихтиёрий фанларни ўз ичига олади. Университет Ўзбекистон томони учун қулай бўлган бир йиллик тайёрлов курси ва 3 йиллик бакалавр даражаси таҳсилини биргаликда амалга оширишга тайёр.
Масофадан ўқувчи талабалар Пиза университети тингловчилари ҳисобланади ва барча хизматлардан, шу жумладан рақамли кутубхона, дастурий таъминот, ўқув серверларидан фойдаланишлари мумкин. Ўқишни тугатгандан сўнг, улар халқаро миқёсда тан олинган Италия таълими дипломларига эга бўлади.
Лойиҳа доирасида тажриба ҳамда фикр алмашиш учун Италия ва Ўзбекистон геологлари, географлари ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф қилинди.
2020-2021 ўқув йилида лойиҳани бошлаш тўғрисида келишувга эришилган.