АсосийJamiyat

“Пулим бор, нима қилсам фойда кўраман” деганлар учун тавсия

'“Пулим бор, нима қилсам фойда кўраман” деганлар учун тавсия'ning rasmi

Бирор фойда кўриш учун янги иш бошлаш ҳам бир муаммо. Таваккалчиликдан қўрқиш, бозорда муносиб ўрин эгаллаш учун тажрибанинг етишмаслиги, бор пулдан ҳам айрилиб қолиш эҳтимоли, хуллас, ўйлаган сари тўсиқлар ҳам чиқаверади. Пули йўқлик – бу алоҳида мавзу. Лекин пулингиз бўла туриб ҳам уни қандай тўғри йўналтириш ҳақида ўйлаб қоласиз. Сизни кутаётган катта таваккалчилик ҳақида ўйга толасиз, “шундай бир иш бўлса-да, пул “тикиб қўйиб” фойдасини тинчгина олиб ётсам” дейсиз ва машина ёки пойтахтдан уй сотиб олиб ижарага беришдан мўмайроқ даромад кўриш фикри миянгизда айланаверади. Ҳисоб-китобларга кўра фуқаролар бўш пул маблағларига уй ёки машина олиб ижарага бергандан кўра банкка омонатга қўйса кўпроқ фойда кўрар экан. Хўш, бу фикр қанчалик асосли? Маълумотларни таққослаш учун кичик бир солиштирув тажрибасини ўтказдик.

Дейлик 30 минг АҚШ доллар пулингиз бор (300 млн. сўм атрофида) ва сиз Тошкент шаҳридан икки хонали уй олиб ижарага бердингиз. Ойига нари борса 300 доллардан (ҳозирги пайтда 3 млн. сўм атрофида) бир йилда 36 миллион сўмдан кўпроқ даромад кўришингиз мумкин. Бунда уйингиз нархига нарх қўшилавериши мумкин. Лекин унга қилган таъмир ишларингиз ҳам эскириб боради ва ижарачининг уйингизни қандай сақлаши ҳам катта бир таваккал.

Ёки бўлмасам бу пулга 3-4  та автомашина сотиб олиб, уни ижрага бердингиз. Тўғри, 3-4 та борингки, 5-6 та автомашинадан ойига 500-600 АҚШ доллари фойда кўришингиз ҳам мумкин. Лекин вақт ўтгани сайин автомобилларнинг нархи тушиб, техник ҳолати ёмонлашиб бораверади.

Энди банк омонатларидан келадиган фойда билан қизиқамиз. 300 миллион сўмдан қанча фойда олиш мумкин? Бу савол билан Халқ банки Матбуот хизмати раҳбари Юнус Бўроновга мурожаат қилдик.

Унинг келтиришича, банк омонати орқали 300 миллион сўмдан бир йилда 50 миллион сўм атрофида даромад кўришингиз мумкин экан.

“Масалан, Халқ банкининг “Progressive” омонат турини олсак, у мижозлар учун ҳар томонлама қулай ва даромадлидир. Омонат муддати 24 ой. Шу 24 ой ичида омонат бўйича фоиз ставкалари 14% дан 26% гача оширилади. Бу эса ўртача йиллик 17,25% га тўғри келади. Бунда нафақат 300 миллион сўм, балки сиз чексиз миқдордаги пул маблағларини қўйишингиз мумкин. Омонатга ҳисобланган фоизлар мижознинг хоҳишига қараб, ойма-ой тўлаб ҳам берилади. Вақт бу сафар сизнинг фойдангизга ишлайди”, - дейди Юнус Бўронов.

Демак, банк омонатлари билан ишлаш фойдалироқ, қулайроқ ва ишончлироқлиги ҳақидаги фикр тўғри экан. Танлов эса ўзингизнинг қўлингизда. Балки сизда бундан яхшироқ ғоялар бордир. Лекин таваккалдан қўрқадиган сармоядорлар учун бу тавсиямиз айни муддао бўлди деган умиддамиз.

Сардорбек Раҳмонқулов

    Бошқа янгиликлар