Адлия вазири маслаҳатчиси ва блогер Шаҳноза Соатова ўзининг telegram’даги саҳифасида охирги уч кунда 4 нафар яқинлари вафот этганини маълум қилди. Блогер Қозоғистондаги каби бизда ҳам пневмония ва COVID-19 беморлари статистикасини бирлаштириб, фуқароларнинг ташхислаш, даволаниш ҳамда имтиёзли тиббий ёрдам олишда ҳуқуқ ва имкониятларини тенглаштиришни таклиф қилмоқда. Жумладан у шундай ёзади:
“Охирги уч кунда қариндошу танишлардан тўрт киши вафот этди. Умримда бунақа оз фурсатда кўп ўлик хабарини эшитмагандим. Уларнинг биронтасига Covid-19 ташхиси қўйилмади, ҳатто улардан тест ҳам олинмади. Лекин ўлим олдидан барчасининг бир ҳафта, ўн кун иситмаси чиқди, беҳол бўлди, ковиднинг у ёки бу симптомлари кузатилди.
Бу тизимли ҳодисалар хулосаси нима? Одамлар нега, нима сабабдан бундай кўп ўляпти? Нега бунақа тез (10-12 кун ичида) ўляпти? Ковид бўлмаса, нима бу? Нега ковид ташхиси фақат тест натижаларига қараб қўйиляпти? Ковиддан 100 та одам ўлди деган нима-ю, 1000 та ўлди деган нима?
Қўшниларга ўхшаб ковид ва номаълум пневмония статистикасини бирлаштириб, бундан кейинги стратегияни шунга қараб қурган маъқул эмасми? Ваҳимасиз карантиндан адекват карантин босқичига ўтиш даври келди, чунки энди маълумотсизлик ва ишончсизлик ортидан ваҳима келиб чиқади.
Одамлар карантинга риоя этиб, уйда ўтиришини, карантин чекловларини тўғри қабул қилишини истасак, асл аҳволни кўрсатиш, ўлимлар ковидданми ё бошқа нарсаданми, қатъи назар, аниқ ва очиқ айтиш керак”, дейди Шаҳноза Соатова.






