АсосийJamiyat

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» тугатилади

'«Ўзбекозиқовқатхолдинг» тугатилади'ning rasmi

«Республика озиқ-овқат саноатини бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Лойиҳага кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасида бошқарув ходимларининг чекланган сони 31 бирликдан иборат Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш департаменти ташкил этилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг тузилмасида Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари – Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш департаменти раҳбари лавозими жорий қилинади.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари – Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш департаменти раҳбари қуйидагилар учун масъул этиб белгиланади:

озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва соҳада қўшилган қиймат занжирини яратиш;

озиқ-овқат саноати корхоналарини қийнаётган муаммоларни доимий таҳлил қилиб бориш ва уларни ҳал қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш;

Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё материалларини импорт қилишдаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича Ҳукуматлараро комиссияга таклифлар тайёрлаш.

Ҳужжат билан “Ўзбекозиқовқатхолдинг” акциядорлик жамиятини тугатилиши назарда тутилмоқда. 

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” акциядорлик жамияти Озиқ-овқат саноати корхоналарини ривожлантириш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш жамғармасининг тугатиш якунларига кўра қолдиқ маблағларини Жамғармага ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги замонавий савдо-логистика марказлари, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича музлатиш қувватларини ташкил этиш учун Ҳукуматнинг кафолати билан жалб этилган халқаро молия институтлари ва хорижий банклар олдидаги тугатилаётган “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясининг қарз маблағларини график бўйича тўлаб борилишини таъминлайди.

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларнинг устав жамғармаларидаги давлат акция (улуш)лари баланс қиймати бўйича бепул Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади.

Бунда, “Ўзагроэкспортбанк” АТБ ва “Агробанк” АТБ устав капиталларидаги “Ўзбекозиқовқатхолдинг” акциядорлик жамияти улуши Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ўтказилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжлари асосида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларининг “5321000-Озиқ-овқат технологияси (маҳсулот турлари бўйича)” ҳамда “5410500-Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси (маҳсулотлар турлари бўйича)” таълим йўналишлари бўйича бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини босқичма-босқич ошириб бориш чораларини кўради.


 

    Бошқа янгиликлар