Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Ерниязовнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг ССВ ушбу хабарларни рад этди.
Яқин икки кун ичида эса ижтимоий сайтлар ва оммавий ахборот воситаларида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М. Ерниязов билан боғлиқ нотўғри ва асоссиз хабарлар тарқалиши, мазкур нохолис ахборотларни тарқатган манбани аниқлаш мақсадида прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ўрганиш ишлари кенг муҳокама қилинмоқда.
Мазкур уйдирма хабарлар ким томонидан тарқатилганини аниқлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул шахслари томонидан “Makan.uz” cайти муҳаррири Л.Каллыханова, «kruz.uz» сайти муҳаррири И.Юсупов, «kar24.uz» сайти муҳаррири Қ.Бегниязовалар билан профилактик суҳбат ўтказилди. Профилактик суҳбат чоғида прокурор ёки ички ишлар ходимлари томонидан журналистларга ҳеч қандай босим ёки тазйиқ ўтказилмаган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси хабар қилмоқда.
Ҳозирги вақтда М.Ерниязов шахсига тааллуқли нотўғри маълумотлар тарқатилиши ҳолати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
"Элни назарида бўлган ҳар қандай киши билан боғлиқ маълумотлар кенг жамоатчилик орасида тезда долзарб муҳокамаларга сабаб бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, бундай ахборот унинг ҳаёти ёки саломатлиги билан боғлиқ бўлса, у ҳолда бу ҳолат янада кўпроқ фикр алмашинишларга олиб келади. Бундай вазият у инсоннинг оиласи, меҳнат жамоаси, билган яқинларида турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин",- дейилади расмий хабарда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ, яъни 18 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусга чалингани ҳамда улар даволанаётгани ҳақида хабар берилганди.






