Сурхондарё вилояти Ангор туманида кеча, 28 июль куни соат 22:00лар атрофида маҳаллий корхоналардан бирига тегишли омбор ҳудудида ёқилғи цистернаси портлаб кетди, деб хабар бермоқда ФВВ матбуот хизмати.
Аниқланишича, 1981 йилда туғилган пайвандчи K.A. дизель ёқилғиси солинган 10 тонналик цистернани пайвандлашга уринган. Хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилмаслик цистернанинг портлашига сабаб бўлган.
Ҳодиса оқибатида фуқаро K.A. воқеа жойида вафот этган. Унинг ёнидаги P.K. эса куйиш жароҳатлари билан туман шифохонасига ётқизилган. Портлаш натижасида атрофга ёйилган олов цистерна яқинига қўйилган «Исузу» юк машинаси ҳам бутунлай ёниб кетган.
Ҳодиса жойига Сурхонадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 2 та ёнғин-қутқариш экипажи етиб бориб, алангани бартараф этди, дейилади хабарда.






