АсосийJamiyat

Асаджон Хўжаев АОКАга директор этиб тайинланди

'Асаджон Хўжаев АОКАга директор этиб тайинланди'ning rasmi

29 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда АОКА хабар қилди.

Мажлисда ахборот соҳасида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган очиқлик сиёсатини амалга ошириш, ахборот хавфсизлигини таъминлашга оид тизимли ишларни ташкил қилиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ахборот хизматларининг нуфузини ошириш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда Асаджон Хўжаевни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига директор этиб тайинлаш тўғрисидаги Президент Қарори ўқиб эшиттирилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг тўртинчи чорагидан 2020 йилнинг январигача ушбу лавозимда Комилжон Алламжонов фаолият юритган эди. Кейинроқ, директорнинг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов вақтинча директор вазифасини бажарувчи бўлиб фаолият олиб борди. 

Маълумот учун, Асаджон Хўжаев Тошкент электротехника алоқа институтини тугатган. 2001 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги давлат қурилиш академиясини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича Асаджон Хўжаев электр алоқаси бўйича муҳандис, иқтисодиёт магистранти.

Хўжаев 1995-2001 йилларда Алоқа вазирлигида, Почта ва телекоммуникация агентлигининг марказий аппаратида ишлаган. “Ўзбекистон почтаси” давлат акционерлик компанияси раҳбарининг биринчи ўринбосари, “Узинфоком” Компьютер ва информацион технологияларни ривожлантириш маркази директорининг биринчи ўринбосари лавозимларини эгаллаган.

2011 йилдан 2012 йилгача Интеллектуал мулк агентлигини бошқарган. 2012 йилдан 2017 йилгача эса Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида директорлик қилган.

Асаджон Хўжаев бунгача Ўзбекистон Респуликасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги ёдгорлик мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган. 

 2017 йилнинг март ойидан август ойигача Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати раҳбари лавозимида ишлаган.

    Бошқа янгиликлар