Калифорниядаги отишмаларда камида 14 киши ҳалок бўлди

ДУНЁ 03.12.2015, 10:47
Калифорниядаги отишмаларда камида 14 киши ҳалок бўлди

АҚШнинг Калифорния штати Сан-Бернардино шаҳридаги отишмалар оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ киши яраланган деб хабар беради “Lenta.ru”.

2-декабрь, чоршанба куни Сан-Бернардино шаҳридаги имконияти чекланган инсонлар учун мўлжалланган бинода давлат хизматчилари учун уюштирилган тадбир пайтида отишма юз берди.Тадбир учун бинонинг учинчи корпусида жойлашган конференц-зал ижарага олинган эди. Маълумотларга кўра, бу муассаса ҳудудидаги рухсатномасиз кириш мумкин бўлган ягона бино ҳисобланади. Бино директори сўзларига кўра, тадбир бўлаётган залда 200 га яқин киши бўлган.

Тахминан уч киши одамларга қарата ўқ узган. Улар воқеа жойидан GMC Yukon русумидаги автомобилга ўтириб қочиб кетишган.

Воқеа жойига етиб келган полициячилар залдагиларни эвакуация қилган. Залдан портловчи мослама топилгани ҳам таъкидланмоқда. Полициячилар уни ўз вақтида зарарсизлантиришга муваффақ бўлишган.

Ҳодиса юзасидан ўтказилаётган текширувларда АҚШ Федераль қидирув бюроси ҳам иштирок этмоқда. Воқеадан Президент Барак Обама ҳам хабардор этилди. У ҳукумат вакиллари билан отишмалар билан боғлиқ зўравонликларга қарши кураш юзасидан суҳбат ўтказди.

Экспертлар  маълумотларига кўра, АҚШда отишмалар оқибатида ҳар йили ўн минг бола ва ўсмирлар ҳалок бўлади.  

АҚШ Президенти Барак Обама бир неча маротаба америкаликларнинг қуролга эгалик қилиш ҳуқуқини чеклашга уринган. Аммо АҚШ Конгрессининг айрим вакиллари бу лойиҳага қарши чиққан. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1