Аввалроқ 144 нафар юртдошларимиз Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетгани хабар қилинганди.
Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда ушбу фуқаролар Россиянинг айнан Амур вилоятида шу йилнинг июль ойида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида тартибсизликлар юз берган ташкилотга жўнатилгани ҳақида изоҳлар қолдирилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур изоҳларга баёнот берди:
"Ўзбекистон Республикасининг қатор масъул ташкилотлари саъй-ҳаракатлари билан эришилган келишувга мувофиқ, "labor migration" дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган фуқароларимиз Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун жўнатилган. Уларнинг Россияда ишлаши доимий мониторинг қилиб борилади. Иш берувчи ташкилотнинг эса 13 июль куни ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида тартибсизликлар юз берган ташкилотга алоқаси йўқ.
31 июль куни жўнаб кетган 144 нафар ҳамюртларимизнинг Ўзбекистондан самолётда учиб бориш, яшаш, патент ва бошқа харажатлари иш берувчи томонидан тўлаб берилиши, шунингдек, уларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 40 - 60 минг рублни ташкил этиши белгиланган.
Шу ўринда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз маълумотларни тарқатмасликларини, ишончсиз ахборотлар билан одамларни чалғитмасликларини сўраб қолардик", дейилади Агентлик баёнотида.
Шунингдек, маълум қилинишича, РФнинг Амур вилояти Свободный туманидаги "Renaissance Heavy Industries" компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида юз берган ҳодиса Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан назоратга олинган, мазкур масала бўйича Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлари билан мулоқот бошланган.






