1

Наманган тажрибаси: Ҳам арзон, ҳам “снос”га тушмайдиган контейнер савдо шохобчалари (3-қисм)

ЖАМИЯТ 13.08.2020, 20:30
Наманган тажрибаси: Ҳам арзон, ҳам “снос”га тушмайдиган контейнер савдо шохобчалари  (3-қисм)

Наманган тумани маиший ва сервис хизмати кўрсатиш даражаси бўйича вилоятда Наманган шаҳридан сўнг 2-ўринда туради. Бу эса ўз-ўзидан хизмат кўрсатиш соҳасига талаб борлигидан далолат беради. Аммо битта муаммо бор: Тадбиркор бир нарса қурай деса, жой йўқ. Ўзбошимчалик билан қуриб олса, келиб бузиб кетишади. “снос” масаласи охирги пайтларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган мавзулардан бири бўлганлиги боис, туман раҳбарияти олдида сихни ҳам, кам кабобни ҳам куйдирмайдиган лойиҳа ишлаб чиқиш вазифаси турган эди. Ахир талаб бор иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришдан барча манфаатдор. Бу билан аҳоли турмуш сифати ва қолверса, давлат хазинаси яхшиланади. Шундай даврда вилоятда биринчилардан бўлиб Наманган тумани 2-сектор ҳудуди (прокурор сектори)да контейнер хизмат кўрсатиш шохобчаси иш бошлади.

Контейнер нимаси билан қулай ва аҳамиятли?

Наманган тумани ҳокими Садритдин Мўминов контейнернинг афзалликлари ҳақида шундай дейди:

— Наманганда ғоялар кўп, ер муаммо. Ҳузуримизга кўплаб тадбиркорлар лойиҳалар билан келишади, лекин уларга ер ажратиб бериш ҳақида ўйлаб қоламан. Кичик савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари учун эса котейнер лойиҳаси яхши янгилик бўлди. Дўкон ёки биронта шаҳобча қуриш учун тадбиркор қанча ҳужжат тайёрлашига тўғри келади. Контейнерни эса истаган жойига жойлаштирса бўлади. Муҳими кўчага, қатновга ҳалал бермаса бўлди. Ҳужжатлаштиришда ҳам муаммо бўлмайди. Ердан вақтинчалик тартибда фойдаланиш учун қарор чиқариб берамиз. Шу билан ишлайверишади. Агар қачонки контейнерлар ўрнатилган ҳудуд бирор режага тушса, тадбиркор объекти учун “снос” муаммоси бўлмайди. Контейнерини олиб бошқа жойга кўчириши мумкин бўлади.

Туман ҳокимининг 1-ўринбосари Азамжон Аҳмадалиевнинг келтиришича, котейнерларни тайёр шаклга келтириш ҳаражати ҳам шохобча қуриш ҳаражатларига нисбатан анчагина арзон. 1 та контейнерни хизмат кўрсатишга шай ҳолга келтириш учун 24-25 млн. сўм кетар экан. 

Агар хабарингиз бўлса, тижорат банклари томонидан тадбиркорларга қурилиш учун кредитлар ажратилмайди. Лекин контейнер қиламан дейишса, бу учун кредитлар ажратиб берамиз. Кредит миқдори 6 ой имтиёзли даврдан сўнг 1,3 млн. сўм атрофида бўлади. Тадбиркор ижарада ҳам фойдаланган объекти учун деярли шунча маблағ сарфлайди. Бу ҳолда эса мулк ўзиники бўлиб қолаверади”, - дейди контейнерларнинг тадбиркорларга фойдасини эслатиб Азамжон Аҳмадалиев.

Сектор ҳудудида камбағаликка қарши қандай курашилмоқда?

Туман прокурори Ҳабибулла Исоқовга қарашли 2-секторда биз юқорида келтирган контейнер шохобчаларини ишга тушириш натижасида ҳозирча 4 та иш ўрни яратилган бўлиб, секторга тегишли 13 та МФЙлар учун ҳам шу турдаги контейнерларга буюртма берилган. Улар тайёр бўлиши билан секторда жами 42 та иш ўрни яратилади. 

Наманган туманида “темир дафтар”ни юритишда унга кирган аҳолини қизил, яшил ва сариқ тоифаларга ажратиш тажрибаси ҳам айнан 2-сектор раҳбари Ҳабибулла Исоқовнинг ташаббуси ҳисобланади. 13 МФЙдан умумий ҳисобда 454таоила “темир дафтар”га киритилган бўлса, 01.07.2020 й.Холатига кўра 261 та оила камбағалликдан чиқарилди (яшил тоифа), 183 та чиқариш арафасида (сариқ тоифа), 10 та оила шароити оғир (қизил тоифа). 540нафар ишсизлардан 510 нафари бандлиги таъминланди, уйда тикувчилик билан банд 151 та хонадонга кооперация асосида ишни ҳажмли етказиб бериш йўлга қўйилди, 9400 бош парранда ҳомийлик асосида тарқатилди, 30 та хонадонга кооперация асосида бедана етказиб берилган. 

Сардорбек Раҳмонқулов

 

Мавзуга оид:

Наманган тажрибаси: “Иссиқхоначилар тумани” деҳқонларидан 2 сотихли ердан йилига 30-40 миллион сўмгача даромад олиш сирларини ўрганамиз (1-қисм)

Наманган тажрибаси: Сизни миллионерга айлантирувчи меҳнати енгил беданачилик (2-қисм)

“Энди ҳаммаси тамом, деб ўйлагандим”. “темир дафтар”дан чиқиш арафасида турган Роҳатой опанинг кечинмалари

   

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1