Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилишича, бугун тахминан соат 11.00 да Шайхонтоҳур тумани Шофайиз кўчасида бошқа шахсга тегишли бўлган “Lacetti” русумли автомобилни тегишли ҳужжатларсиз бошқариб борган 18 ёшли Бекзод Ю. икки нафар пиёдаларни уриб юборган ва бошқарувни йўқотиб, қарама қарши ҳаракат йўлига ўтиб 51 ёшли Маъруфжон К. бошқарувидаги “Spark” русумли автомобилга тўқнашган.
ЙТҲ натижасида пиёдалар – 22 ёшли Н.М. (К.) ва унинг икки ёшли қизи Н.К.лар бадан шикастларидан воқеа жойида ҳаётдан кўз юмдилар. Автомобиль ҳайдовчилари шифохонага олиб кетилган.
“Ласетти” автомобили ҳайдовчисига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266 моддаси 2 қисми (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) билан айб эълон қилинди. Суд айбланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллади.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни “Lacetti”ни бошқариб келаётган 19 ёшли Темурбек М. Миробод кўчасидан чиқиб, бошқарувни йўқотган ва йўл четида тўхтаб турган “Captiva” автомобилига тўқнашгач, инерция туфайли ҳаракатни давом эттириб, ЙПХ ходимини уриб юбориши натижаси унинг ўлимига сабабчи бўлган эди.






