Кеча Ўзбекистон Либерал Демократик партиясининг сиёсий фракцияси йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ички Ишлар Вазирлиги ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Олий Мажлиснинг қуйи палатаси депутати Дониёр Ғайниевнинг ёзишича мазкур Қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига ўзгартириш киритиш таклиф этилган.
Маълум бўлишича, ушбу Кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик, яъни “Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш” борасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиб ҳаракатланаётган транспорт воситаларини вақтинча ушлаб туриш мақсадида жарима майдонига жойлаштириш тартибини жорий этиш таклиф қилинган.
-- Бундан кўриниб турибдики, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларига асосан фуқаро автомобилини ушбу кодекснинг 54-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш талабини бузганлик учун жарима майдончасида мажбурий ушлаб туриш мумкин эмас.
Лекин шунга қарамай, ИИВ вакили берган маълумотга кўра мамлакатимизда карантин чекловлари жорий этилган муддат давомида 26 мингдан ортиқ ушбу турдаги қоидабузарликлар аниқланиб, транспорт воситалари жарима майдонларига вақтинча ушлаб туриш учун олиб кирилган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мақсадидан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунга қадар Ички ишлар ходимлари томонидан МЖтКнинг 54-моддаси асосида 26 мингдан ортиқ транспорт воситалари жарима майдонларига ноқонуний тарзда олиб кирилганлигини англатадими? Карантин қоидалари бузилганда автомашина жарима майдонига қўйилишини қонуний деб жар солган ИИВ ушбу қонун лойиҳаси билан энди бу ҳолатларни нотўғри эканлигини тан олмоқда?
Агар бундай бўлмаса, хўш унда нима сабабдан кодексга ўзгартириш киритиш таклифи илгари сурилмоқда? Бу шу кунга қадар амалга оширилган, лекин қонуний асосга эга бўлмаган “хатоликларни тўғрилаш” учунми? Нима учун бу таклиф автомобиллар ҳаракатига доир карантин чекловлари бекор қилинган вақтда илгари сурилмоқда?
Таъкидлаш жоизки, фавқулотда ҳолатлар давридаги тартиб қоидалар ва карантин талабларига бўйсунмаган фуқароларга нисбатан ўз вақтида чора кўришни таъминлаш орқали аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишда шубҳасиз куну-тун, иссиқ ва совуқда виждонан хизмат қилаётган минглаб ватанпарвар, мард ва ҳалол Ички ишлар органлари ходимларининг меҳнати ва ўрни беқиёсдур.Уларга ҳам осон эмас.
Модомики, Ички Ишлар Вазирлиги мазкур Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартишлар уларга ўз хизмат вазифаларини бажаришлари учун муҳим ҳисоблаб, қонун даражасида тегишли ҳуқуқий асослар яратиш зарурияти бор деб билишса, албатта парламент уларни доим қўллаб-қувватлайди.
Лекин қонун ҳужжатлари ва уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ўзаро мос бўлиши, биринчи навбатда, қонун устуворлиги таъминланиши зарур деб ҳисоблайман! Шу боис, таклиф қилинаётган қонун лойиҳаси маъқулланишидан олдин ИИВ ҳам ўз хатосини тан олиши ва бугунги кунга қадар МЖтКнинг 54-моддаси асосида транспорт воситаларини жарима майдонларида ушлаб туриш ортидан фуқаролар томонидан тўланган маблағларини қайтаришлари энг тўғри йўл бўлади! -- дейди депутат.
Хабарингиз бор, Ўзбекистонда карантин жорий этилиб, машиналар ҳаракати чекланганидан сўнг, ушбу қоидани бузган кўплаб стикерсиз машиналар жарима майдонига жойлаштирила бошланди. Бу ўз-ўзидан кўплаб норозиликларга олиб келди. Яъни жарима майдонида турган автомобиль карантин тугагач олиб чиқилар экан ва шу муддат давомида унга ҳар бир кунга жарима майдончаси учун тўлов йиғилиб боради. Ана шу масалалар ортидан кўплаб муносабатлар билдирилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев "Карантин даврида ишсиз, даромадсиз қолганларнинг турмушини янада мураккаблаштириш қанчалик тўғри?" дея сўров билан чиқди. ИИВ эса Карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш қонуний, дея жавоб берди. Шунингдек, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев стикерсиз автомобилларни жарима майдончаларида ушлаб туриш қонунийми, дея қайта таҳлил қилди.Ундан сўнг бу баҳсга Судья аралашди.






