Куни кеча, Акмал Бурхоновга таянган ҳолда "Самарқандда коронавирусга чалинганлар 10 баравар камайтириб кўрсатилгани маълум қилинди" сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.
Шундан сўнг, ССВ ушбу ҳолатга муносабат қилиб, вазирлик статистикани яшириб кўрсатишдан манфаатдор эмаслигини билдирди.
Айни пайтда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз раҳбари келтирган маълумотлар ортидан юзага келган ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилмоқда:
Дарҳақиқат, жорий йилнинг 6 октябрь куни Агентликда ОАВ ва блогерлар учун ташкил этилган матбуот анжуманида COVID-19 билан даволанаётган беморларнинг Самарқанд вилояти кесимидаги статистикаси ҳақида сўз юритилган. Хусусан, Агентлик раҳбари томонидан расман эълон қилинган кўрсаткичлар (143 нафар бемор) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоят бошқармаси томонидан Агентликка тақдим этилган маълумотларда (1155 нафар бемор) фарқлар мавжудлиги айтиб ўтилган.
Бироқ, Агентлик раҳбари томонидан билдирилган ушбу фикр COVID-19 билан даволанаётган беморларнинг муқобил статистикаси деб талқин қилинишига асос бўлмайди. Бундан ташқари, тадбирда ушбу масала юзасидан яна қўшимча ўрганишлар ўтказилиши лозимлиги билдириб ўтилган.
Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида бугунги кун ҳолатига 136 нафар бемор COVID-19, қолган беморлар эса ОРВИ, пневмония ва бошқа касаллик белгилари билан даволанмоқда.
Шу муносабат билан, тақдим этилган маълумотлар Агентлик томонидан қўшимча ўрганишлар якунлангандан сўнг расмий баёнот сифатида жамоатчиликка етказилади,
-дейилади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабарида.






