АсосийJamiyat

Жаҳон минбарларида янграган тилим: 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни

'Жаҳон минбарларида янграган тилим: 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни'ning rasmi

1989 йил 21 октябрь. “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. 

2019 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Президентининг "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди. Мазкур тарихий ҳужжат билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун — 21 октябрь санасини "Ўзбек тили байрами куни" деб эълон қилиш тўғрисида таклиф берилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.

2020 йил 10 апрель куни “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси етмиш бешинчи юбилей сессиясидаги чиқишида мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлади

Жорий йилда илк бор "Қадринг баланд бўлсин она тилим" халқаро танлови ўтказилди. Бир неча кун аввал ушбу нуфузли танлов ғолиблари тантанали тарзда тақдирланди. Куни кеча Шавкат Мирзиёев «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги яна бир тарихий Фармонни имзолади. Фармон билан 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди.

    Бошқа янгиликлар