Бироз аввал Президент Шавкат Мирзиёевнинг кино ижодкорлар билан учрашгани, ўзбек киносини қандай ўзгаришлар кутаётгани, “Ўзбеккино” миллий агентлиги директори Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ҳам ҳис-хаяжонлари ҳақида кино соҳасига қизиқувчи сиз азизларни хабардор қилган эдик. Ташриф доирасида биз ҳам “Бригада” (Россия) ва “Барон” (Ўзбекистон) фильмлари орқали барчага таниш бўлган истеъдодли актёр Фарҳод Маҳмудовнинг ҳам давлат раҳбари билан учрашув таасуротларини билишга қизиқдик.

МЕН БУГУН “КУЛЬТУРНЫЙ ШОК”ДАМАН
Фарҳод МАҲМУДОВ, Россияда хизмат кўрсатган артист:
— Давлат раҳбари билан илк маротаба кўришяпман. Айтишим керакки, бу учрашувдан мен ҳайратдаман. Сабаби у кишидаги билим, харизма, соҳадаги асосланган саволлар, ҳатто кино саноати жуда тор доирада бўлишига қарамасдан, биз билмайдиган нарсаларни ҳам билишлари мени лол қолдирди. Мен бугун “культурный шок”даман (кулади).

АКТЁРНИНГ КОМЕДИЯ ЖАНРИГА МУНОСАБАТИ
— Бу мамлакатда истеъдодли инсонлар жуда кўп. Буни инкор этиб бўлмайди. Фақат уларни топиш ва ёрдам бериш керак. Тўғри, ватанпарварлик руҳидаги ёки тарихий жанрлардаги кинолар ҳам керак. Шунингдек, комедия жанри ҳам жуда зарур. Чунки фақат кучли инсонларгина ўз устиларидан кула олишади. Биз кучли миллат эканмиз, ўзимизга қараб кула олишимиз керак. Кулгу орқали кўп нарсаларга эришишимиз, кайфиятимиз эса кўтарилиши мумкин бўлади. Ўйлаймизки, шунча янгиликлардан кейин ўзбек киносида яхши янгиликлар кўпаяди.


Актёрнинг айтишича, пандемия сабабли кадрларни четга ўқишга юбориш режаси бироз орқага сурилган. Баҳор ойларида ўзбек кино санъати учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистондан Герасимов номидаги Бутунроссия Давлат академиясида ўқиш учун 15 киши юборилади.
Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, саноат корхоналари фаолияти билан танишди.
Сардорбек Раҳмонқулов суҳбатлашди






