Бугун, 30 ноябрь куни соат 15:00 да АОКА пресс-холида "Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарлари иштирокида табиий газни қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган тадбирлар, табиий ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳамда уларни иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолига етказиб бериш кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш ҳолатига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда журналистлар томонидан тизимга оид қатор саволлар берилди. Хусусан, "Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов бир неча кун аввал Чиноз пахта нефт базасидаги ёнғин сабаблари ҳақида: "Тўғри маълумотлар берилди, лекин ман бу борада шахсан Ўзбекнефтгазнинг биринчи раҳбаридан эшитмоқчи эдим? Аслида нималар бўлди?", дея савол берди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев жавоб берди:
— Чиноздаги ёнғин — меҳнат хавфсизлигига риоя этилмагани учун содир бўлди. Ёнган идишда юз тоннага яқин маҳсулот бўлган.
Биз ёнган маҳсулотни ўчиришга эмас, унинг атрофидаги идишларни қўриқлашга ҳаракат қилдик. Чунки базада 40 минг тоннагача маҳсулот бор эди, ёнаётган маҳсулотни бошқасига кўчириб ўтказишнинг имкони йўқ эди. Ўт ўчирувчилар ўт ўчириш билан эмас, атрофидаги идишларни қўриқлагани учун ҳам ёнғин саккиз соатга чўзилиб кетган.
Ёнғинда 6 киши жароҳат олган эди. Уларнинг ҳаммасининг аҳволи яхши, уйида даволаняпти.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 26 ноябрь куни Чиноздаги “Пахта Нефтбазаси”да 5 минг тонна сиғимли ёқилғи цистернаси ёниб кетди. Шундан сўнг, Энергетика вазири ёнғиннинг сабаб ва оқибатларини ўрганиш мақсадида воқеа жойига зудлик билан етиб борди. Ҳодиса бўйича тақдим этилган қўшимча маълумотда 120 тонна енгил алангаланувчи суюқ ёқилғи бўлгани айтилди.






