АсосийJamiyat

Каттақўрғонда "свет" ўчгани сабаб содир бўлган ҳодисага аниқлик киритилмоқда

'Каттақўрғонда "свет" ўчгани сабаб содир бўлган ҳодисага аниқлик киритилмоқда'ning rasmi

Аввалроқ, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида электр тармоғидаги узилишлар сабаб тадбиркорнинг иссиқхонасидаги чет элга экспорт қилинадиган сабзавотлар нобуд бўлгани, кўрилган зарарнинг тахминий миқдори 35 минг АҚШ доллари эканлиги ва  зарар кўрган тадбиркорга етказилган зарар ундириб бериладиган бўлди, дея хабар қилинган эди.

Эндиликда “Каттақўрғон Валижон парранда” МЧЖ ҳамда “Муродулла бобо” фермер хўжаликларидаги ҳодисага аниқлик киритилмоқда, дея хабар бермоқда "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқлар ҳамда қатор ахборот сайтларида  Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида “Каттақўрғон Валижон парранда” МЧЖ раиси М. Улуғмуродовга тегишли иссиқхона 2020 йил 18 ноябрдан 19 ноябрга ўтар кечаси туман электр тармоқлари корхонаси томонидан 6 соат мобайнида электр энергиясидан узиб қўйилиши оқибатида 1 гектар майдонга экилган помидор музлаб қолиши оқибатида 231 миллион сўм зарар кўргани баён этилиб, Каттақўрғон тумани прокуратурасига мурожаат киритгани маълум қилинди. 

Шунингдек, мазкур тумандаги “Муродулла бобо” фермер хўжалиги раҳбари Ф. Насруллаев иссиқхонасидаги 1 гектар майдондаги помидор ва 1 гектар ердаги бодринг кўчатлари ва ҳосилининг музлаб қолиши оқибатида 823 миллион сўм моддий зарар кўрганлиги ҳақидаги хабар ҳам турли сайтлар орқали ёритилди.

Мазкур ҳолат бўйича “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутахассис ходимлари жойларга чиқиб ўтказган ўрганишлар таҳлиллари бўйича қуйидагиларни маълум қилади. Аниқланишича, 2020 йил 18 ноябрдан 19 ноябрь кунига ўтар кечаси “Анхор” нимстациясидан чиқувчи Т-1дан Ф-Учкунни-1-ОД-Т-110 - юқори кучланиш линиясида содир бўлган носозликлар туфайли мазкур ҳудудларда электр энергияси таъминоти вақтинчалик тўхтатилган.  

Маълумки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан электр энергиясидан фойдаланиш бўйича тегишли ҳужжат тўпламлари ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда амалиётда кенг қўлланиб келинмоқда. Ушбу ҳолатда “Каттақўрғон Валижон Парранда” МЧЖ ва “Муродулла бобо” фермер хўжаликлари электр энегиясига уланишга доир ҳужжатларга амал қилмаганлиги сабабли экилган помидор ва бодринг кўчатларининг бир қисми зарар кўрган.  

Юқори кучланиш линиясида содир бўлган носозликларни бартараф этиш ишларида “Қорадарё туман ЭТК” ходимлари яқиндан кўмак бериб,  таъмирлаш ишлари тунги соат 02:15 гача ниҳоясига етказилгани ва истеъмолчилар электр энергиясига қайта уланганини қайд этиб ўтиш жоиз.

Шунингдек, ўрганишлар давомида маълум бўлишича, юқоридаги фермер хўжаликлари билан ёнма-ён ҳудудда жойлашган “Моральный Инвест” хусусий тадбиркор иссиқхонасида ҳам, табиийки, электр энергиясида узилиш бўлган, бироқ корхона раҳбарияти томонидан электр энегиясига уланишга доир ҳужжатлар талабларига риоя қилинганлиги сабаб, 4 гектар майдонга экилган помидор кўчатларига зарар етмасдан сақлаб қолингани корхона раҳбари томонидан маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, қашқадарёлик тадбиркорнинг чироқ ўчиши оқибатида 5000 дан ортиқ паррандаси нобуд бўлгани ва бунинг зарарини ким қоплаши юзасидан депутатлар изоҳи ҳам хабар қилинган эди.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар