АсосийJamiyat

Она ўз болаларини дарёга ташламоқчи эдими? Аёл барчасини гапириб берди

'Она ўз болаларини дарёга ташламоқчи эдими? Аёл барчасини гапириб берди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бекобод туманида яшовчи аёл фарзандларини дарёга ташламоқчи бўлган, деган мазмундаги видеохабар тарқалди. Бу ҳақда сал аввал сайтимизда хабар берилганди.

Ҳозир, айни пайтда аёлнинг уйида бўлиб турган Бекобод тумани ҳокимининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Ёқутхон Мўминова воқеа юзасидан шундай хабар берди:

"Видеодаги аёл А. Р. ва унинг фарзандлари Бекобод тумани "Туркман" МФЙ да доимий яшаб келади. Бу ҳолат 2020 йил 15 декабр куни содир бўлган.

Дастлабки суҳбатлардан маълум бўлишича, аёл Сирдарё вилояти, Ширин шаҳри ободонлаштириш бошқармасида ишловчи турмуш ўртоғи телефонига жавоб бермагани учун жаҳли чиққани, рашк устида ножўя гапларни гапирганини айтган.

Онанинг сўзларига қараганда, у ва болалари Тошкент вилояти Бекобод туманидан Сирдарё вилояти, Ширин шаҳри "Фарҳод" МФЙ га ўтадиган "Дўстлик" каналидан ўтиб бўлгач, Ширин шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан тўхтатилиб, видеога олинган.

Аёл алам устида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимларига кескин гапиргани, аммо, ҳеч қачон ўз фарзандларини сувга ташлаш нияти бўлмаганини, ўғлининг бош кийими эса бехосдан сувга тушиб кетганини айтмоқда.

Мазкур оила шу пайтгача тинч-тотув яшаб келган, оилада муқаддам нотинчлик кузатилмаган.  

Айни пайтда ҳолат вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан атрофлича ўрганилмоқда.  

Шунингдек, Васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари келиб, болаларнинг келгуси тақдири бўйича тегишли қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар