АсосийJamiyat

Давлат авторақамининг 625 миллион сўмга сотилиши ҳақида Корзинка.уз хўжайини ўз фикрларини билдирди

'Давлат авторақамининг 625 миллион сўмга сотилиши ҳақида Корзинка.уз  хўжайини ўз фикрларини билдирди'ning rasmi

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан аукционга қўйилган 30 Z 777 ZZ давлат рақам белгиси 625 миллион сўмга сотилгани ҳақида хабар берган эдик. Шоир, актёр, режиссёр ва продюсер Аҳад Қаюм бу қимматбаҳо номерни сотиб олганини  видео орқали маълум қилди. Ушбу хабарларга аниқлик киритиш мақсадида "darakchi.uz" Самарқанд вилояти ИИБ билан боғланганда,  авторақам эгаси Аҳад Қаюм эмаслиги, аммо харидор самарқандлик йигитлиги маълум бўлди. 

Салкам 60 минг долларга сотилган авторақам мавзуси атрофида кўп муҳокамалар бўлди. Korzinka.uz асосчиси Зафар Хашимов ҳам бунга ўз муносабатини билдирди.

Ўзбекистондаги омадли тадбиркорлардан бири сифатида унинг фикрлари ўйлашимизча, кўпчиликни қизиқтиради. Хўш у бу ҳақда у қандай фикрда?

" Шахсан мен ҳеч қачон на телефон ва на автоуловда «чиройли» номерга эгалик қилишга қизиқмаганман. Аксинча, менга деса, бундай рақамлар қанча одамлар эсида кам қолса, эгасига шунча яхши.  

Лекин шу борада ўша номерни давлат томонидан сотилиши ва кимдир уни расман шундай пулга олишини ёмонламайман.

Бир томондан, аввал ҳам шундай «блатной» номерлар норасман сотилган ёки «сендан угина, мендан бугина» йўсинида тақсимланган, фақат давлатга, элга ундан ҳеч қандай наф бўлмаган. Ҳозир мана ярим миллиарддан ортиқ пул нақд давлат ғазнасига тушди. Умид қиламиз, Ин Шаа Аллоҳ, бу маблағда ўша ҳамма танқид қилувчилар жон куйдираётган етимлару- камбағалларнинг ҳам улуши бор.

Иккинчи томондан, шунақа номерни ҳавас қиладиган одам иштиёқи шу қадар баланд экан, яхшиямки у пулини номерни пора бериб олиш ўрнига ёки бошқа ҳар хил бехуда орзу хавас ўрнига тўлалигича давлат ҳисобига туширди. Пул эгаси ҳам ўзи, уни ишлатиши ҳам ўзининг иши ва бу каби ишлатиш натижасида фойда эл ҳисобига келгани учун, уни тоза исроф дейишга тилим қайрилмаяпти. Қанийди ҳамма бехуда харажатлар шу каби тўла давлат ҳисобига тушса эди, бюджет тўлиб, солиқлар ҳам қисқарармиди...", дейди Зафар Хашимов.

 

 

    Бошқа янгиликлар