Наманганда газ заправкада навбатда турган "Дамас" ёниб кетгани ҳақида хабар берган эдик.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати томонидан ёнғинга "Дамас" русумли автомобилнинг двигатель қисмидаги электр симларининг қисқа туташув сабаб бўлганини айтилди.
Мазкур ҳодиса юзасидан батафсил маълумот олиш мақсадида darakchi.uz мухбири газ қўйиш шаҳобчасида бўлди. АГҚШда беш йилдан бери ишлаб келаётган Бахтиёр ака Муҳсиддинов ўша куни бўлиб ўтган ҳодисани қуйдагича изоҳлайди.
- Биз шошиб қолганимиздан ФВБ телефон қилишга улгурмадик. Тезкор равишда ёнғинни ўчиришимиз лозим эди. Ўзимиздаги мавжуд ёнғин ўчириш асбоблари билан ёнаётган "Дамас"ни ўчириб олдик ва сўнг хабар бердик.
-"Яхшиямки, ёнғин кучли аланга олмади. Барча бирдек ёрдам берди шу пайт. Омон қолганимга ва атрофдагилар ҳам талофат кўрмаганига шукур қиламан. Машинамни ички салони зарар кўрди", дейди бобосига тегишли машинани Ишончнома орқали бошқариб келаётган ҳайдовчи йигит.
Шу куни ҳайдовчилар газ қуйиш шахобчасига эрта тонгдан, "заправка" очилмасидан анча олдин, яъни тунги соат 02 лардан келишни бошлашган. Ҳайдовчи ҳам ўз сўзида бу ерга ҳодиса содир бўлмасидан тўрт соат олдин келганлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз воқеа "Кўмидон" қишлоғи ҳудудида жойлашган "Афсона" 4-автомобилларга газ қуйиш шахобчасида содир бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






