Куни кеча Наманган шаҳридаги «Пахталикўл» сув узатиш иншоотида Д-1000 миллиметрли юқори босимли магистрал тармоқларда фавқулодда носозлик содир бўлганлиги сабабли мазкур иншоот фаолияти соат 10:00 дан бошлаб вақтинчалик тўхтатилган эди. Ундан ташқари, Андижон шаҳрига ичимлик суви етказиб берувчи Хонобод—Андижон марказий сув қувурининг Андижон тумани «Хортум» маҳалласида жойлашган сув тақсимлаш жиҳозида носозлик юзага келгани сабабли 11—12 январь кунлари аҳолига сув етказиб беришда узилиш юзага келиши мумкинлиги хабар берилганди.
Бугун икки вилоят ҳокимлиги бўлган нозозликларни бартараф этилгани ҳақида хабар беришди.
"9 январь куни Андижон шаҳрига ичимлик суви етказиб берувчи диаметри 1 минг 400 мм.ли бўлган «Хонобод-Андижон» марказий сув қувурининг Андижон тумани Хортум МФЙга қарашли «Анжирзор» кўчаси ҳудудида жойлашган сув тақсимлаш жиҳозида носозлик юзага келган эди.
Шу кунинг ўзида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи воқеа жойида бўлиб, носозликни бартараф этиш чораларини кўрди.
Айни дақиқаларда таъмирлаш ва созлаш ишлари якунига етказилди.
«Хонобод-Андижон» марказий сув қувурига сув очиш ишлари амалга оширилмоқда. «Андижонсувтаъминот» МЧЖ томонидан ҳудуд аҳолисига ичимлик суви 12 январь куни тушдан кейин меъёрида етказиб берилиши маълум қилинди", дейилган Андижон вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати хабарида.
"Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов Наманган шаҳридаги юқори босимли магистрал тармоғида носозлик кузатилган “Пахталикўл” сув узатиш иншоотига бориб, мутасаддилар иштирокида ҳолатни жойида кўздан кечирди. 11 январь куни “Пахталикўл” сув узатиш иншоотида Д-1000 миллиметрли юқори босимли магистрал тармоғида сув қувурининг ёрилиши содир бўлган ва соат 10.00 дан бошлаб иншоотнинг фаолияти вақтинчалик тўхатилганди.
Бунинг оқибатида Наманган шаҳрининг Оромгоҳ даҳаси, “1-Ахсикент”, “2-Ахсикент”, “Гўзал”, “Чаманзор”, “Минчинор”, “Мустақиллик”, “Паҳлавон”, “Нуробод”, “Сиҳатгоҳ”, “Меҳнатобод”, “Ишонч”, “Истиқбол” МФЙлар ҳудуди ва 1-кичик тумани айрим жойларида ичимлик суви таъминотида вақтинчалик узилишлар содир бўлган.
Ҳозирда “Наманган сув таъминоти” МЧЖ мутахассислари томонидан тезкорлик билан носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, “Оромгоҳ” сув иншооти орқали таъминот тўхтатилган ҳудудларга ичимлик суви етказиб бериш чораси кўрилмоқда.
Мутасаддилар “Пахталикўл” сув узатиш иншоотидаги носозлик 4 соат ичида, яъни соат 18:00 га қадар бартараф этилишини билдирмоқда" дейилади Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати хабарида.






