Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидаги фуқарони, 15 январь куни 3-4 киши қўл-оёғини боғлаб, шафқатсизларча калтаклашганлиги ҳақида хабар берган эдик.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига кўра, Яккабоғ туманида яшовчи Комил А., туман ИИБ бошлиғи номига 17.01.2021 йилда ариза билан мурожаат қилган.
Унда 2021 йилнинг 15 январь куни соат 10:00 да синфдоши Абдихалил Қ., ва унинг турмуш ўртоғи Гулнора А., телефонда “Қурашайх” қишлоғидаги уйига чақиришган. Комил А., синфдоши Абдихалил Қ.,нинг уйининг айвонига кирган вақтида, уни уриб оёқ ва қўлларини арқон ип билан боғлаб, юз, бош ва сон соҳаларига таёқ билан қасддан уриб, рўзғор капкирини темир печда қиздириб, қоринига бир неча марта босиб қийнаб куйдиришганлигини, ушбу ҳолат бўйича қонуний чора кўришни сўраган.
Тиббий маълумотномага асосан, Комил А.,да “бош мия чайқалиши, бошнинг теппа ва чап чакка соҳасида қон қуйилиши, бошининг пешона соҳасида эзилиб йиртилган яраси, қорин пастки соҳаси куйган жароҳати ва бошқа тан жароҳатлари” мавжудлиги қайд қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 1-қисми (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида, Абдихалил Қ., ишлаш мақсадида Россия Федерациясига кетган вақтида унинг турмуш ўртоғи Гулчехра А., жабрланувчи Комил А., мулоқатда бўлиб келганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, Комил А., 15.01.2021 йилда шифохонага мурожаат қилган вақтида юқоридаги жанжални яширган ҳолда, отдан йиқилиб, уни от судраб кетганлигини маълум қилиб, биринчи ёрдамни олиб шифонадан чиқиб кетганлиги аниқланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.