Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури шафелигида Боку шаҳрида ўтказилаётган Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси очилиш маросимида иштирок этди.
Боку Конгресс марказида давлат раҳбарини Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури ижрочи директори Анаклаудия Россбах кутиб олди.
Шундан сўнг иштирокчиларнинг биргаликда суратга тушиш маросими бўлиб ўтди.
Бу галги форум “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар” мавзусига бағишланган. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда ривожланиш институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир кун тартибидан шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини замонавий ва арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини яхшилаш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш каби масалалар ўрин олган.






