АсосийJamiyat

Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти Azon.uz сайтида эълон қилинган мақолаларни ўчириш бўйича топшириқ берилмаганини маълум қилди

'Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти Azon.uz сайтида эълон қилинган мақолаларни ўчириш бўйича топшириқ берилмаганини маълум қилди'ning rasmi

Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан таҳририятга босим ва таҳдид бўлаётганини ва ишдан бўшашга қарор қилганини маълум қилган эдик.

 Бу ҳолат жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолатга АОКА ўз муносабати билдирар экан, Ўзбекистоннинг янги очиқлик ва ошкоралик сиёсатида давлат идоралари ва журналистлар ўртасидаги баҳсли масалалар имкон қадар ўзаро келишув, агарда бунинг иложи топилмаса ҳуқуқий меъёрлардаги тартиблар асосида ҳал этилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. 

Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти эса Azon.uz сайтида эълон қилинган мақолаларни ўчириш бўйича топшириқ берилмаганини маълум қилди.

Дин ишлари бўйича қўмитаси кўпчиликка тушунарли бўлиши учун дастлаб қўмитанинг фаолияти, мақсад ва вазифаларини эслатиб ўтди. 

Унга кўра,

– виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

– Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш;

– диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш;

– жамиятда диний-маърифий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ушбу жараёнларда диний-маърифий соҳа вакилларининг иштирокини кенгайтириш;

– давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини мувофиқлаштириш ҳамда давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш;

– аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш ва бошқалар.

Бундан кўриниб турибдики, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўриш, республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, СD, DVD ва бошқа электрон ташувчиларни, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган диний материалларни) экспертизадан ўтказиш фаолиятини мувофиқлаштириш Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифаларидан ҳисобланади, дейилади баёнотда.

Шундан келиб чиқиб, Дин ишлари бўйича қўмита диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатишда диний-маърифий сайтларга йўналиш ва тавсия бериши мумкин. Лекин, қайсидир сайтдан қандайдир маълумотни олдириб ташлаш ёки олиб ташлашга мажбур қилиш ваколатига эга эмас.

Шунга кўра, “azon.uz” сайтида эълон қилинган муайян мақолаларни олдириб ташлаш бўйича Қўмита раҳбарияти томонидан ҳеч қандай топшириқ бўлмаганини қатъий маълум қиламиз.

 

    Бошқа янгиликлар